Қарши давлат университетида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ўтказилди
Қарши давлат университетида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари олийгоҳда кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, таълим ва илм-фан соҳасидаги янгиликлар, талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан танишди.
[gallery-29992]
Маълум қилинишича, 1992 йилда ташкил этилган университет бугунги кунда мамлакатнинг йирик олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда олийгоҳда 12 та факультет ва 44 та кафедра фаолият юритиб, 14 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Уларга 641 нафар профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. Университет илмий салоҳияти кейинги беш йилда 27 фоиздан 55 фоизга етган.
Пресс-тур давомида иштирокчилар Хорижий тиллар факультетининг замонавий ўқув биноси, ундаги француз, инглиз, немис, рус ва хитой тиллари марказлари, Erasmus+ дастурлари офиси, медиа студия ҳамда синхрон таржима аудиторияси фаолияти билан танишди.
Шунингдек, университет ҳудудида ташкил этилган “Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш” лабораторияси ва гелиополигон имкониятлари намойиш этилди. Қайд этилганидек, олийгоҳ биноларига умумий қуввати 1545 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилиб, электр энергиясига бўлган эҳтиёж муқобил манбалар ҳисобига таъминланмоқда.
Тадбир қатнашчилари талабаларга хизмат кўрсатиш маркази, Ёшлар маркази, Туризм амалиёт маркази, Тиббиёт факультети ўқув биноси ҳамда ер ости сизот сувларини тозалаш асосида суткасига 300 куб метр ичимлик суви ишлаб чиқариш қувватига эга иншоот фаолияти билан ҳам танишди.
Пресс-тур доирасида университет қошида ташкил этилган “Лочин” футбол клуби учун реконструкция қилинган стадион мажмуаси намойиш қилинди. Мажмуа бугунги кунда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси талабларига мос инфратузилмага эга.
Журналистлар ва блогерлар жорий йилнинг 1 июнь куни фойдаланишга топширилган 240 ўринли “UniKids” мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлиб, у ерда болалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Қайд этилишича, университет бугунги кунда дунёнинг 39 давлатидан 85 дан ортиқ олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Кейинги йилларда олийгоҳ халқаро рейтингларда ҳам муносиб натижаларга эришиб, QS Asia рейтингидан ўрин олган ҳамда UI GreenMetric халқаро рейтингида дунёнинг энг яхши 500 университети қаторига кирган.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга университет мутасаддиларидан жавоб олди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/C6qmqg8vIoY" title="Qarshi davlat universitetida jurnalist va blogerlar uchun press-tur o‘tkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари