Қарор ижроси: “Ўзатом” ахборот сиёсати ва медиа фаолиятини кучайтирмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги “Ўзбекистонда байрамларнинг ғоявий-маънавий мазмунини янада кучайтириш ва оммалаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида “Ўзатом” агентлиги томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қарорда умумхалқ байрамлари, муҳим саналар, касб байрамлари ҳамда халқаро кунларнинг мазмун-моҳиятини бойитиш, улар орқали миллий қадриятлар ва маданий меросни кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ушбу жараёнларда давлат ташкилотлари иштирокини фаоллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
“Ўзатом” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Гулрухсора Равшанованинг таъкидлашича, агентлик томонидан мазкур қарор ижроси доирасида ахборот сиёсати ва медиа фаолиятни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Агентлик фаолиятининг асосий йўналишлари атом энергетикасини ривожлантириш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда жамоатчиликка ишончли ва тезкор ахборот етказишдан иборат, – дея қайд этди Г.Равшанова. – Шу билан бирга, Жиззах вилоятида амалга оширилаётган атом электр станцияси лойиҳаси бўйича очиқлик ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Мазкур қарор иловасининг 25- ва 42-бандларига мувофиқ, 2025 йил давомида умумхалқ байрамлари ва ижтимоий аҳамиятга эга мавзуларни кенг ёритишга қаратилган 45 дан ортиқ медиа тадбирлар ташкил этилган. Ушбу тадбирлар матбуот анжуманлари, брифинглар, пресс-турлар, очиқ мулоқотлар ва махсус медиалойиҳаларни ўз ичига олган.
Хусусан, ташкилотимиз томонидан Наврўз умумхалқ байрами, умумхалқ ҳашари ҳамда бошқа муҳим саналар муносабати билан ижтимоий роликлар, инфографик материаллар ва видеолавҳалар тайёрланиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқатилган. Бу каби контентлар орқали байрамларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва тарбиявий аҳамияти кенг ёритиб борилмоқда.
Шунингдек, агентлик ҳузуридаги Атом технологиялари ахборот маркази аҳоли билан доимий мулоқотни йўлга қўйилган. Марказда ўтказилаётган очиқ эшиклар кунлари, интерактив тақдимотлар ва таълимий тадбирлар натижасида талабалар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакилларига атом энергетикасининг афзалликлари, хавфсизлик стандартлари ва замонавий технологиялар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилмоқда.
Агентликнинг расмий телеграм канали орқали АЭС лойиҳаси бўйича янгиликлар, халқаро ҳамкорлик доирасидаги учрашувлар, мутахассислар тайёрлаш жараёнлари ҳамда соҳадаги илмий-тадқиқот ишлари ҳақида мунтазам ахборотлар бериб борилмоқда. Бу эса жамоатчиликни долзарб ва ишончли маълумотлар билан таъминлаш, соҳада очиқликни кучайтириш ва аҳоли ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш керакки, атом энергетикаси каби стратегик аҳамиятга эга соҳада ахборотнинг шаффофлиги ва тизимлилиги алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, АЭС лойиҳалари, хавфсизлик масалалари, кадрлар тайёрлаш ва илмий-техникавий ривожланиш жараёнлари ҳақида аҳолига аниқ, тушунарли ва ишончли маълумот етказиш давлат ахборот сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Умуман олганда, мазкур қарор ижроси доирасида “Ўзатом” агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар комплекс ёндашувга асосланган бўлиб, нафақат белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, балки жамоатчилик билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, соҳанинг стратегик аҳамиятини кенг ёритиш ва аҳоли ишончини мустаҳкамлашга қаратилган. Бу эса келгусида ҳам жамоатчилик қўллаб-қувватловини таъминлашга мустаҳкам замин яратади, – деди Гулрухсора Равшанова.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.