Қарийб 800 грамм “гашиш” савдосига чек қўйилди
Инсон умрининг заволи бўлган гиёҳвандлик воситаларининг четдан ноқонуний олиб кирилиши, сақланиши, тайёрланиши ҳамда айланишига қарши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мунтазам тезкор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Олтиариқ туманида ана шундай навбатдаги тезкор тадбирни амалга оширди.

Унда Олтиариқ тумани марказида жойлашган савдо дўконлари олдида уч нафар фуқаро олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб жуда кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини “шартли харидор”га 13 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида тезкор ходимларни кўриб ўзларига тегишли бўлган бир дона қора целлофандаги ашёни ташлаб қочмоқчи бўлган вақтларида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинди. Далилий ашё сифатида олинган модда, экспертиза хулосасига кўра, оғирлиги 789 граммга тенг бўлган “гашиш” гиёҳвандлик моддаси экани маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда