Қардошлик риштасини мустаҳкамлаш йўлида
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамиятининг 25 йиллигига бағишланган “Қардошлик риштасини мустаҳкамлаш йўлида” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Маълумки, инсоннинг эркинлиги, шон-шуҳрати ва қадр-қиммати жамиятимизнинг олий қадриятидир. Конституциямизда мамлакатимиз барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликка эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенг эканлиги белгилаб қўйилган.
Конференцияда сўзга чиққан ТДПУ ректори Абдуғаффор Қирғизбоев, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов кўп минг йиллик мустаҳкам илдизга эга Ўзбекистон – Озарбайжон муносабати уйғун тарих, ягона дин, ўхшаш миллий, маданий ва маънавий қадрият, тил ва этник умумийликка асосланишини таъкидлади. Халқларимизнинг маданияти, тили, анъаналари шу қадар бир-бирига яқинки, айни жиҳатлар давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўзаро муносабатларнинг янги босқичи ўзаро ташрифлар, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар жадал ривожланишида акс этмоқда.
[gallery-15177]
Дўстлик алоқалари мустаҳкамланишида халқ дипломатияси воситасида олиб борилаётган фаолият муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир давомида жамият фаолларидан бир гуруҳига юртимизда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада яхшилашга қўшган ҳиссаси ҳамда “Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамияти ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан қўмита фахрий ёрлиғи топширилди.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда ҳукм сураётган осойишталик, фаровон турмуш, миллатлараро бағрикенглик ва дўстлик риштасини янада мустаҳкамлаш, бу неъматларнинг қардига етиш кераклиги ҳақида фикр билдирди. Мавзуга оид маърузалар тингланди.
Гўзал Сатторова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА