Қалбаки акцизли маҳсулотларга чек қўйилди
Қонун устуворлигини таъминлаш, ички бозорни сифатсиз ва қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза этиш ҳамда солиқ ва божхона тўловларини қонуний тарзда ундириш мамлакатимизда олиб борилаётган тизимли ишларининг муҳим йўналишларидан биридир.
Айниқса, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи нафақат иқтисодий зарар келтиради, балки аҳоли саломатлиги ва жамият хавфсизлигига ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис бундай ҳолатларнинг олдини олиш, яширин савдо каналларини аниқлаш ва ноқонуний маҳсулотларни муомаладан чиқаришга қаратилган тезкор тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда. Навбатдаги шундай тадбир Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ўтказилди.
Департаментнинг Ғиждувон тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро Ш.С.нинг “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадони текширилди.
Тадбир жараёнида мазкур хонадонда сотиш мақсадида 17 турдаги 313 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ҳамда 470 қути тамаки маҳсулотлари сақлаб келинаётгани аниқланди. Қонунбузарлик ҳолатига оид маҳсулотлар белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида олинди.

Бу ҳолат ноқонуний маҳсулотлар савдоси билан шуғулланувчи шахслар ўз фаолиятини турли яширин усулларда амалга оширишга уринса-да, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг тезкор тадбирлари натижасида бундай ҳаракатлар фош этилаётганини кўрсатади.
Қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларининг муомалага чиқарилиши, энг аввало, истеъмолчи хавфсизлигига дахл қилади. Чунки маҳсулотнинг қаерда ва қандай шароитда ишлаб чиқарилгани, унинг таркиби ва сифати кафолатланмаган ҳолда аҳолига таклиф этилиши жиддий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдоси эса белгиланган тартибдаги назорат механизмларини четлаб ўтиш, давлат бюджетига тушиши лозим бўлган маблағларни яшириш ва қонун билан белгиланган савдо талабларини бузишга олиб келади. Шу нуқтаи назардан, ушбу тадбир натижасида аниқланган маҳсулотларнинг муомалага чиқарилишининг олди олингани муҳим аҳамиятга эга. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилди. Айни пайтда ваколатли органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолатнинг барча тафсилотлари, маҳсулотларнинг келиб чиқиши, уларни сақлаш ва сотиш мақсади ҳамда мазкур фаолиятга алоқадор бошқа ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.
Албатта, тергов давомида қонунбузарликнинг барча жиҳатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири