Қадринг баланд бўлсин, она тилим!
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Навоий вилояти Марказий кон бошқармаси ва Зарафшон шаҳар Ахборот кутубхона маркази ҳамкорлигида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йиллларда мамлакатимизда ўзбек тилининг қадр-қиммати ва нуфузини юксалтириш, тил сиёсатини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат тилини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг шаҳар ҳудудида ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

– Зарафшон шаҳрида давлат тили меъёрларига риоя этиш, қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар талабларидан келиб чиққан ҳолда 750 дан ортиқ рус тилидаги, табиий таъсир натижасида яроқсиз ҳолга келиб қолган ташқи ёзувлар, жумладан, 610 та реклама матни, 140 дан ортиқ пешлавҳа, 110 га яқин металл конструкцияли ноқонуний реклама воситалари олиб ташланди, – дейди шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ойдиной Ҳотамова. – Шаҳар ҳудудидаги рус тилида юритиб келинган боғдорчилик жамиятлари ва улардаги кўчалар номи “Оазис” – “Дўстлик”, “Металлург” – “Мисгарлар”, “Мираж-1” – “Нурли маскан” номларига ўзгартирилди. Шунингдек, шаҳарда мавжуд 3 та инглиз тилидаги “I love Zarafshan” ёзуви ўрнига “Mening Zarafshonim” сўз бирикмаси ўрнатилди.
– Марказий кон бошқармасида 20 минг нафардан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилиб, 2020 йилга қадар иш юритилиши ўзбек ва рус тилларида амалга оширилар эди, – дейди бошқарма Ёшлар етакчиси Саодат Бобоёрова. – 2020 йилда Зарафшон шаҳрида Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети Малака ошириш марказининг Навоий давлат педагогика институти филиали томонидан Марказий кон бошқармаси иш юритувчилари учун анъанавий малака ошириш курси ташкил этилиб, 99 нафар ходим ўқитилди ва уларга малака сертификатлари топширилди. Натижада ҳозирда иш юритиш ўзбек тилида олиб борилмоқда.

Тадбирда “Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан ёшларнинг ўзбек тили бўйича саводхонлигини ривожлантиришга қаратилган “Ўзбек тилида чиройли ва бехато ёзамиз!” шиоири остида “Мурунтов” кони ёшлари ўртасида ўтказилган “Диктантлар танлови” ғолиб ва совриндорларига НКМК ёшлари етакчилари Кенгашининг “Диплом” ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирларда она тилимиз, Ватанни ва дўстликни тараннум этувчи шеърлар ўқилди, қўшиқлар куйланиб, саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Абдували Бўриев, ЎзА