Қадимий қудрат ва шиддатли ислоҳотлар уйғунлигида юксалаётган Бухоро
Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари тарихий меросни асраш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар, шунингдек, саноат ва қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Ташриф Когон туманида жойлашган Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Бу ерда Қуръон тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо қилинди.
Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд XIV асрда яшаб ўтган буюк аллома, тасаввуфдаги нақшбандия тариқатининг асосчисидир. Унинг мақбараси атрофида асрлар давомида шаклланган меъморий мажмуа бугун ҳам ислом оламидаги эъзозли зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.

Ҳар куни ўртача 15 мингга яқин киши зиёрат қилаётган Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси “Ипак йўли: Зарафшон – Қорақум коридори” таркибида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Сўнгги йилларда мажмуанинг тарихий қиёфасини асраш ва зиёратчиларга қулайлик яратиш бўйича ишлар олиб борилди. XV аср чизмалари асосида “Дониёлбий оталиқ” мадрасаси ва “Тоқи миёна” дарвозаси таъмирланди, музей экспозицияси ҳамда илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.
Президентимиз Бухоро асрлар давомида маърифатли ислом тараққиётида муҳим ўрин тутиб келганини таъкидлади. Бу бой маънавий меросни чуқур ўрганиш ва ундан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланиш, уларни илм-маърифатга ундаш зарурлигини қайд этди.
– Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий боболаримиз номи билан боғлиқ мажмуалар – буларнинг барчаси бир мақсадга хизмат қилади: буюк аждодларимиз илмий меросини давом эттириш ва ёшларимизни шу руҳда тарбиялаш, – деди давлатимиз раҳбари.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Конгресс-холл мажмуаси ва замонавий меҳмонхоналар қурилишини кўздан кечирди.

Кейинги йилларда Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони изчил ўсмоқда. 2025 йилда бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан қарийб олти баробар, туризм хизматлари экспорти эса ўн бир карра ошди. Шу билан бирга, мамлакатимизда йирик халқаро тадбирлар ўтказиш учун замонавий инфратузилмага талаб ортиб бормоқда.
Мажмуа шаҳарнинг ана шундай тадбирларга мезбонлик қилиш имкониятини кенгайтиради. Конгресс-холл форумлар, олий даражадаги учрашувлар ва бошқа йирик анжуманларни ўтказишга хизмат қилади.
Қиймати 60 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 14,5 минг квадрат метр майдонли бино қурилмоқда. Ҳозирда асосий бетонлаштириш ишлари якунланиб, ташқи муҳандислик тармоқларини тортиш, фасад ва том қисмларини барпо этиш давом этмоқда.
Шу ҳудудда 37 миллион долларлик “Hilton Garden Inn” меҳмонхонаси ҳам қад ростламоқда. Етти қаватли, 212 хонали меҳмонхонада ер ости автотураргоҳи кўзда тутилган. Бинонинг асосий конструкциялари қуриб битказилган, ҳозир ички деворлар, муҳандислик тармоқлари ва фасад ишлари олиб борилмоқда.
Яна бир лойиҳа – 39,6 миллион долларлик “Holiday Inn” меҳмонхонаси. Бу иншоот ҳам етти қаватли, 212 хонали бўлади, ёнида икки қаватли бизнес маркази ҳам барпо этилмоқда. Меҳмонхонада том монтажи ва ички деворлар қурилиши, бизнес маркази ертўласида эса бетонлаштиришнинг якуний босқичи кетмоқда.
Давлатимиз раҳбари объектлардаги ишлар билан танишиб, улар Бухорода халқаро тадбирларни юқори савияда ўтказиш, туризм хизматлари кўламини кенгайтириш учун муҳимлигини, бу эса аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Қурилиш ишларини белгиланган муддатда, сифат талабларига қатъий риоя этган ҳолда якунлаш бўйича топшириқлар берилди.
Кейин Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Қўшмадраса ансамблига ташриф буюрди.

Абдуллахон мадрасаси XVI аср ўзбек меъморчилигининг нодир намуналаридан бири, 1588-1590 йилларда Бухоро хонлигининг Шайбонийлар сулоласидан чиққан ҳукмдори, буюк саркарда ва давлат арбобларидан бири Абдуллахон II томонидан бунёд этилган.
Мадраса режаси ва ички тузилиши мураккаб муҳандислик ечими билан анъанавий Бухоро мадрасаларидан фарқ қилади. Мажмуанинг бош кириш қисми жанубга қараган бўлиб, у кўк рангли кошин ва сирли нақшлардан терилган геометрик мозаика билан безатилган.
XVI асрда мадраса Мовароуннаҳрнинг энг йирик ва нуфузли олий таълим ва илм-фан марказларидан бири бўлган. Бу ерда илми толибларга диний ва дунёвий фанлардан дарс берилган. Хусусан, мадрасада Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид билан бир қаторда араб тили ва адабиёти, мантиқ, фалсафа, математика, геометрия, тиббиёт фанлари чуқур ўқитилган.
Ансамблнинг жанубий қисмида 1566-1567 йилларда Абдуллахон II томонидан ўз онаси шарафига бунёд этилган Модарихон мадрасаси жойлашган. Мадрасалар бир-бирига қарама-қарши, бир ўқ чизиғида қурилган.
Қўшмадраса ансамбли 2023-2024 йилларда қиймати 6 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида қисман реставрация қилинган. Бугунги кунда мазкур ансамблга 1 миллион сайёҳ ташриф буюрмоқда.
Давлатимиз раҳбарига Қўшмадраса ансамблини реставрация қилиш режаси тақдимот қилинди.
Президентимиз сайёҳлар учун янада қулай шароитлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берди.
Сўнг давлатимиз раҳбари Бухоро шаҳрида қурилаётган янги туризм марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Қадимий Бухоронинг тарихий обидалари, ҳунармандчилик ва гастрономия анъаналари сайёҳлар учун катта қизиқиш уйғотади. Янги марказда бу бой меросни замонавий хизматлар билан уйғунлаштириш, шаҳарда йирик халқаро маданий ва ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш учун шароит яратиш кўзда тутилган.
Президентимиз жорий йил январь ойида Бухоро шаҳрининг бош режаси муҳокамасида маданият лойиҳаларини туризмни ривожлантириш билан боғлиқ ҳолда амалга ошириш, уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва сифатли бошқарувини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Мазкур марказ ҳам меҳмонлар учун турли хизматларни бир ҳудудда жамлашга қаратилган.
Мажмуа 50 гектар майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳага жами 105 миллион доллар инвестиция йўналтирилиши режалаштирилган.
Лойиҳага кўра, ҳудудда қабуллар уйи, кўргазмалар зали, музей, иккита замонавий меҳмонхона, 80 та оилавий меҳмон уйи, 2 минг ўринли амфитеатр, 70 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо этилади. Шунингдек, сайилгоҳлар, ҳунармандчилик марказлари ва сунъий кўл ташкил этилади. Иншоотлар қиёфасида Бухоро меъморчилигига хос анъаналарни замонавий ечимлар билан уйғунлаштириш назарда тутилган.
Ҳозир марказнинг 10 гектар майдонида муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнга 50 га яқин махсус техника жалб қилинган.
Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 2 мингта иш ўрни яратилиши, Бухорога қўшимча 2 миллиондан ортиқ сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий бюджетга йиллик тушум 288 миллиард сўмни ташкил этиши мумкин.
Президентимиз лойиҳанинг аҳамияти бунёд этилаётган бинолар билангина ўлчанмаслиги, асрлар давомида илм-маърифат, савдо ва ҳунармандчилик маркази бўлиб келган Бухоронинг шуҳратига муносиб муҳит яратиш, унинг бой меросини дунёга янада кенг танитиш муҳимлигини қайд этди. Янги марказга келган меҳмон шариф шаҳарнинг тарихий руҳини ҳис этиши, бугунги тараққиётини кўриши, бухороликлар эса туризм ривожидан иш ўрни ва даромад кўриши лозим. Президентимиз лойиҳани ана шу мақсадлардан келиб чиқиб амалга ошириш вазифасини қўйди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Вьетнамнинг “ROX Group” компанияси томонидан мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Компания вакиллари Бухорода иккита, Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ва Самарқандда биттадан – жами тўртта шаҳарсозлик лойиҳаси ҳақида ахборот берди. Уларнинг умумий майдони 285 гектарни, инвестиция ҳажми 4,5 миллиард долларни ташкил этади. Лойиҳалар 115 минг нафар аҳоли учун мўлжалланган.
Бухоро туманида 65 гектар, Бухоро шаҳрида эса 25 гектар майдонда янги турар жой массивлари қурилиши бошланди. Уларда 30 минг нафар аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уй-жойлар, меҳмонхоналар, бизнес марказлари, савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектлар барпо этиш кўзда тутилган.

Учтепа туманидаги лойиҳа замонавий шаҳар муҳитини яратишга, Самарқанддаги ташаббус эса мавжуд сайёҳлик мажмуаси атрофидаги инфратузилмани кенгайтиришга қаратилган. Вьетнамлик инвестор Жиззах вилоятининг Зомин туманида саноат зонаси ташкил этиш ташаббусини ҳам илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари тақдим этилган концепцияларни маъқуллаб, лойиҳаларда илғор шаҳарсозлик ечимларини қўллаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Мутасаддиларга лойиҳалар учун зарур инфратузилма ва амалга ошириш механизмларини компания билан биргаликда пухта ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи доирасида янги объектларни ишга тушириш ва истиқболли лойиҳалар қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.
Бухоро асрлар давомида илм-фан, маданият ва ҳунармандчилик маркази бўлиб келган. Бугун аждодларимиздан мерос бунёдкорлик анъаналари замонавий ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ва туризм ривожида давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари сўнгги тўққиз йилда вилоятга 9,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилиниб, 6 мингдан ортиқ янги ишлаб чиқариш қуввати ва 120 мингта доимий иш ўрни яратилганини қайд этди. Бу натижалар одамларнинг бандлиги ва даромади ошиши, маҳаллий корхоналарнинг янги бозорларга чиқишида ўз ифодасини топмоқда.
– Бугунги Бухоро буюк тарихдан янги тараққиёт ва муҳташам лойиҳалар даврига шиддат билан юзланмоқда, – деди Президентимиз.
Нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, машинасозлик, энергетика, тоғ-кон саноати, фармацевтика, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, уй-жой қурилиши, инфратузилма, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида умумий қиймати 7,8 миллиард доллар бўлган 145 та лойиҳадан иборат дастур шакллантирилган. Шундан 654 миллион долларлик 55 та лойиҳа ишга туширилмоқда, қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган яна 90 тасининг қурилиши бошланмоқда.

Лойиҳаларда АҚШ, Канада, Германия, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Хитой, Вьетнам, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Россия ва Ҳиндистон инвесторлари, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирок этмоқда.
Уларнинг амалга оширилиши натижасида 14 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши, йилига 22 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 510 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлиши кутилмоқда.
– Мақсадимиз битта – импорт ўрнини босадиган ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, – деди давлатимиз раҳбари.
Вилоятда энергетика соҳасида ҳам йирик қувватлар барпо этилмоқда. Сўнгги йилларда “яшил” энергетикага 2 миллиард доллар жалб қилиниб, 1 минг мегаватт шамол ва 750 мегаватт қуёш электр станциялари, шунингдек, 63 мегаваттли энергия сақлаш тизимлари ишга туширилди. 601 километр магистрал электр тармоғи тортилди.
Ғиждувонда “ACWA” компанияси билан 300 мегаваттли “Бош-2” шамол электр станцияси, Жондорда “Toyota Corporation” ва Пешкуда “Sinoma” компаниялари иштирокида умумий қуввати 1 минг мегаватт бўлган шамол электр станцияларининг қурилиши давом этмоқда. Хитойлик ҳамкорлар билан Когон туманида маиший чиқиндилардан электр энергияси олишга қаратилган 165 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш, Германиянинг “Leman” компанияси билан эса “Аму-Бухоро” канали насос станцияларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича 150 миллион долларлик лойиҳани йўлга қўйиш режалаштирилган.
Вилоятнинг пахтачиликдаги тажрибасига таянган ҳолда замонавий тўқимачилик кластерлари ривожлантирилмоқда. Бухоро шаҳрида “Kurt Baver” бренди остида йилига 62 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарадиган тўқимачилик комплекси барпо этилади. Ромитанда хитойлик инвесторлар иштирокида қиймати 400 миллион доллар бўлган пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида 9 минг гектар ерни ўзлаштириш ташаббуси ҳам илгари сурилган. Натижада юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини 65 фоизга етказиш ва қўшимча 100 миллион долларлик экспорт имкониятини яратиш кўзда тутилган.
Туризм Бухоро тараққиётининг яна бир муҳим йўналишидир.
– Қадимий обидалар, маданий мерос ва замонавий инфратузилма уйғунлиги Бухорони сайёҳларнинг севимли масканига айлантиряпти. Бугунги тадбиримиз ўтаётган, янгидан барпо этилаётган Бухоро туризм маркази ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади, – деди давлатимиз раҳбари.
Марказда “Боқий Бухоро” маданий-этнографик парки, кўргазмалар зали, замонавий меҳмонхоналар, маданий ва кўнгилочар масканлар барпо этилади. Шунингдек, Бухоро шаҳрида “Indigo”, “Holiday Inn” ва “Hilton” халқаро брендлари остида меҳмонхоналарни қуриш режалаштирилган.
– Умуман, Бухорода қиймати 3 миллиард долларлик 19 та йирик лойиҳани бошлаймиз. Агар бу ишларни тизимли ташкил қилсак, биргина Бухоронинг ўзида бемалол 5 миллиард долларлик туризм хизматлари экспортини таъминлаймиз, – деди Президентимиз.
Келгуси беш йилда Бухоро вилояти аҳолисини тўлиқ ичимлик суви билан, йирик шаҳарлар ва туман марказларини эса канализация тармоғи билан таъминлаш мақсад қилинган. Халқаро ҳамкорлар билан умумий қиймати 633 миллион доллар бўлган иккита йирик лойиҳа бошланган. Уларнинг ҳисобига 2 миллион нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 781 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик сувига эга бўлади.
Шунингдек, вилоятнинг транзит салоҳиятини уч карра оширишга қаратилган, қиймати 565 миллион доллар бўлган еттита йўл лойиҳаси амалга оширилади.
Президентимиз рамзий тугмани босиб, янги объектларни ишга туширди ва истиқболли лойиҳалар қурилишига старт берди. Хорижлик инвесторлар билан мулоқот бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари бўлажак тадбирлар Бухоронинг бой тарихий мероси ва бугунги салоҳиятини намоён этиш билан бирга, вилоятни ривожлантиришга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Бунинг учун тайёргарликни тадбирлар ўтадиган жойлар билан чекламай, транспорт, хизмат кўрсатиш, хавфсизлик ва шаҳар инфратузилмасини яхлит ҳолда ривожлантириш зарур.
Йиғилишда олий даражадаги учрашувлар ва йирик халқаро тадбирларни юқори савияда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Ҳар бир вазирлик ва идорага хорижий ҳамкорлар билан ўз йўналиши бўйича мазмунли мулоқотга тайёргарлик кўриш, мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг амалий натижаларини кўрсатиш ва янги қўшма ташаббуслар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Жамоат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бухорода замонавий вазият марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, жамоат жойлари ва сайёҳлик объектларидаги ҳолатни рақамли технологиялар ёрдамида кузатиш, йўл ҳаракатини бошқариш ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича режалар муҳокама қилинди. Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика инспекторлари ва “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Президентимиз Бухорога келган меҳмон аввало аэропорт, вокзал ва йўллар ҳолатига эътибор қаратишини таъкидлади. Шу боис қиймати 300 миллион доллар бўлган янги халқаро аэропорт қурилиши, уни шаҳар билан боғловчи 23,5 километрлик йўлни барпо этиш ва йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш ишлари кўриб чиқилди. Темир йўл вокзаллари атрофини ободонлаштириш, автотураргоҳлар, ёритиш, сервис ва жамоат транспорти қатновини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Шаҳар ва туманларни вокзаллар билан боғлаш учун қўшимча 120 та автобус жалб этиш белгиланди.
Бухоронинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахт ва буталар экиш билан бирга, уларнинг парвариши учун суғориш ҳамда дренаж тизимларини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Халқаро тадбирлардан инвестиция ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Саноат кооперацияси, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, транспорт-логистика ва экспорт соҳаларида хорижий шериклар билан амалий келишувларга эришиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, вилоятда қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари, электр энергиясини узатиш ва сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш ишлари муҳокама қилинди.
Бухоронинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик имкониятларини кенгроқ намоён этиш билан бирга, меҳмонларни ҳудуддаги замонавий корхоналар, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишлар билан бевосита таништириш муҳимлиги қайд этилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги ўзгаришларни ҳам амалда кўрсатиш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари тайёргарлик жараёнида қуриладиган ҳар бир объект ва жорий этиладиган ҳар бир тизим тадбирлардан кейин ҳам бухороликларга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга ҳудудларга чиқиб, ишларнинг боришини шахсан ўрганиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва барча вазифалар ижросини қатъий мувофиқлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро туманидаги “Tekhnochem” корхонасида бўлиб, нефть-кимё кластерининг фаолияти ва истиқболли режалари билан танишди.
Табиий ресурсларни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мамлакатимиз саноат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Бухоро туманидаги кластер нефть ва газ конденсати, нафта, метанол ҳамда пиролиз дистиллятини қайта ишлашга ихтисослашган. Ушбу йўналишдаги мажмуа республикада ягона ҳисобланади.
Корхона 69 гектар майдонни эгаллаган. Бу ерда 500 нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда. Мажмуада йилига 100 минг тонна пиролиз дистилляти, шунингдек, 160 минг тонна нафта ва газ конденсатини қайта ишлаш қуввати мавжуд. Бу ёқилғи билан бир қаторда кимё саноати учун зарур маҳсулотлар олиш имконини беради. Жумладан, октанбустер бензин сифатини оширишда, эритгичлар эса бўёқ, лак, елим ва маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўлланади.
Президентимизга кластерни кенгайтиришнинг навбатдаги босқичи тўғрисида ахборот берилди.
2028 йил якунига қадар 292 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. У газ конденсати ва нафтани қайта ишлаш, ароматик углеводородлар ҳамда эритгичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни назарда тутади. Натижада йиллик қайта ишлаш қуввати қўшимча 400 минг тоннага ошиши ва 700 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Янги қувватлар ишга тушиши билан технологлар, муҳандислар, кимёгарлар ва лаборатория мутахассисларига эҳтиёж ҳам ортади. Давлатимиз раҳбари шу муносабат билан ҳудудда касбий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратди.
Корхона Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва Европа Иттифоқи мамлакатларига йилига 180 минг тоннага яқин нефть-кимё маҳсулотлари, автобензин ва дизель ёқилғисини экспорт қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, 2028-2030 йилларда 150 минг тонна суюлтирилган газни қайта ишлаш лойиҳаси юзасидан хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Президентимиз кластернинг экспорт салоҳиятини ошириш ва янги қувватлар учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича тавсиялар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қоровулбозор туманидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташриф буюриб, корхонани модернизация қилиш лойиҳаси билан танишди.
Завод мамлакатимизда ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири. Бу ерда 3 минг 200 нафардан зиёд мутахассис меҳнат қилмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида 1,36 миллион тонна, қиймати 12,1 триллион сўм бўлган нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Маҳсулот ҳамда хизматлар экспорти 99,5 миллион долларни ташкил этди. Йил якунигача бу кўрсаткични 116 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарига тақдим этилган модернизация лойиҳаси хомашёни қайта ишлаш ҳажмини ошириш билан бирга юқори октанли бензин ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 328 миллион долларни ташкил этади.
Унинг доирасида нафтани гидротозалаш ва изомеризация қилиш қурилмалари ўрнатилади. Гидротозалаш жараёнида хомашё таркибидаги олтингугурт ва бошқа аралашмалар камайтирилади. Изомеризация эса енгил фракциялардан олинадиган бензиннинг октан сонини ошириш имконини беради. Мазкур жараёнлар Евро-5 талабларига жавоб берадиган АИ-92 ва АИ-95 русумли бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун муҳимдир.
Лойиҳада хомашёни фракцияларга ажратиш ва оғир қолдиқларни чуқур қайта ишлашни такомиллаштириш ҳам назарда тутилган. Натижада заводнинг йиллик қайта ишлаш қувватига яна 2,5 миллион тонна қўшилиб, умумий қувват 5 миллион тоннага етади. Қайта ишлаш ҳажми ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ортиши ички бозор таъминотини мустаҳкамлаш, экспортни кўпайтириш имконини яратади.
Президентимиз модернизация ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат билан бажариш, янги қурилмаларни мавжуд ишлаб чиқариш жараёнларига уйғун ҳолда жорий этиш ҳамда корхонанинг барқарор фаолиятини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди ҳамда лойиҳада иштирок этаётган хорижий компаниялар вакиллари билан мулоқот қилди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Зарифжон КОМИЛОВ,
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА махсус мухбирлари