Қадимги Туронда бошқарув тили масаласи
Ҳар қандай давлатнинг мустаҳкамлиги унинг ҳудудий яхлитлиги ёки ҳарбий қудрати билангина ўлчанмайди. Тарих шуни кўрсатадики, салтанат пойдеворини ушлаб турувчи энг муҳим устунлардан бири – бу ягона ва тушунарли бошқарув тилидир. Аждодларимиз яшаган қадимги Турон замини турли тил ва ёзувлар туташган беқиёс макон эди. Хўш, бундай шароитда буюк салтанатлар қандай идора этилган ва тил омили давлатчилик тақдирида қандай ўрин тутган?
Бугунги Ўзбекистон ҳудудида милоддан аввалги минг йилликлардаёқ ўзига хос ёзув маданияти мавжуд бўлганлигини археологик топилмалар тасдиқлайди. Сополлитепа ва Жарқўтондаги пиктографик белгилар бундан тўрт минг йил аввал ҳам аждодларимиз мураккаб маълумотларни қайд этишга уринганидан далолат беради. Бироқ, йирик давлат уюшмаларининг пайдо бўлиши бошқарув тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Милоддан аввалги VI асрда Хоразм, Бақтрия ва Сўғдни ҳам эгаллаб олган Аҳамонийлар салтанатида маъмурий иш юритиш учун оромий тили танланган эди. Бу бежиз эмасди. Оромий тили ва ёзуви ўша даврнинг халқаро мулоқот воситаси бўлиб, улкан ҳудудларни бирлаштирган империя учун қулай бошқарув воситасига айланди. Маҳаллий ҳокимлар ўз кўрсатмаларини сўғдча, бақтрийча ёки хоразмча баён этса-да, мирзалар уларни айнан оромий тилида расмийлаштирар эди.
Македониялик Александр юришларидан сўнг Туронда юнон тили ва ёзувининг таъсири ошди. Салавкийлар ва ундан ажралиб чиққан Юнон-Бақтрия подшолигида давлат идораси тўлиқ юнон тилида олиб борилди. Ойхоним шаҳар харобаларидан топилган кўплаб юнонча ёзувлар бунинг ёрқин исботидир. Аммо бу ҳокимият тили билан маҳаллий аҳоли тили ўртасида катта тафовут бор эди. Шу сабабли маъмурий ишларда маҳаллий аҳоли билан алоқа қилиш учун оромий-бақтрия ёзувидан ҳам фойдаланишга мажбур бўлинган. Бу давлатнинг юқори табақаси ва оддий халқ икки хил тил оламида яшаганини кўрсатади.
Бу борадаги туб бурилиш милодий I асрда майдонга келган буюк Кушон салтанати билан боғлиқ. Ўз ичига турли эътиқод ва тилда сўзлашувчи кўплаб халқларни бирлаштирган бу империя жиддий сиёсий-маънавий ислоҳотларга муҳтож эди. Дастлабки Кушон ҳукмдорлари тангаларида икки тилда – юнонча ва маҳаллий кушон ёзувида битиклар зарб эттиришган. Бироқ, подшоҳ Канишка даврига келиб тарих саҳнасида ҳақиқий тил инқилоби юз берди.
Канишка улкан салтанатни бирлаштириш учун ягона давлат тили зарурлигини теран англаган ҳукмдор эди. У бутун империя аҳолиси учун тушунарли бўлган маҳаллий бақтрия тилини умумдавлат тили мақомига кўтарди. Тез орада тангалардаги юнонча ёзувлар ўрнини юнон алифбоси асосида такомиллаштирилган бақтрия ёзуви эгаллади. Бу шунчаки ёзувни алмаштириш эмас, балки улкан сиёсий аҳамиятга молик қадам эди. Ушбу ислоҳот орқали Канишка бегона тил ҳукмронлигига чек қўйиб, давлатчиликни маҳаллий заминга мустаҳкам боғлади ва турли қабилаларни ягона мафкура атрофида жипслаштиришга эришди. Ҳатто подшоҳларнинг исмлари ҳам давлат тилига мослаб ўзгартирила бошланди.
Бошқа ҳудудларда эса тил масаласи ўзига хос тарзда ривожланди. Масалан, Қанғ давлатида туркий тилли чорвадорлар билан шарқий эроний тилларда сўзлашувчи ўтроқ аҳоли ёнма-ён яшаган. Давлат ишлари асосан шарқий эроний тилда олиб борилса-да, бу давлатда қўш тиллилик табиий ҳол бўлган. Фарғона водийсида эса аҳолининг асосий қисми туркий тилда сўзлашгани тахмин қилинади. Хоразмда ҳам оромий ёзуви асосидаги маҳаллий тил ва ёзув мавжуд бўлиб, буни Қўйқирилган қалъадан топилган нодир ёзма ёдгорлик – “аспарабак” (отлиқ) сўзи ҳам исботлайди.
Қадимги аждодларимизнинг давлатчилик тажрибаси шуни аниқ кўрсатадики, тил ҳар доим бошқарувнинг энг нозик ва қудратли қуроли бўлган. Босқинчи империялар ўз ҳукмронлигини бегона тиллар орқали ўрнатган бўлса, Канишка каби ҳукмдорлар маҳаллий тилни давлат тили мақомига кўтариш орқали халқ бирлиги ва салтанат барқарорлигига эришганлар. Бу тарихий сабоқлар тилнинг нафақат мулоқот воситаси, балки давлат пойдеворини мустаҳкамловчи бебаҳо қадрият эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА