Путиннинг талаби (+видео)
Россия Президенти Владимир Путин Украина бўйича талабини илгари сурди. Агар шу шарт бажарилмаса, Москва ҳужум суръатини пасайтирмайди ва Киев билан музокара олиб бормайди.
– Украина қўшини эгаллаб турган ҳудудидан чиқиб кетиши керак, шундагина ҳарбий ҳаракат тўхтайди, – деди РФ етакчиси Қирғиз Республикасига қилган сафари чоғида. Акс ҳолда, бу иш қуролли кучлар ёрдамида амалга оширилади.
Дастлаб Украина, АҚШ ва Европа Иттифоқининг Москвага талаби қуйидагича эди: Кремль ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши, кейин Киев билан тўғридан-тўғри музокара бошлаши лозим. Путин бу таклифни рад этган. Унинг айтишича, бундай масала фақат АҚШ билан муҳокама қилинади, чунки ҳозир “Украина раҳбарияти билан ҳужжат имзолаш мантиқсиз”.
Украина Президенти Владимир Зеленский бир неча бор Путинни юзма-юз музокарага чақирган. Америка раҳбари ҳам уч томонлама учрашувга раислик қилиш таклифини киритган. Кремль бу вариантларга ҳам рози бўлмаган.
Келаси ҳафта АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Москвага келади. Зеро, Кремль Трамп маъмуриятидан бошқа томон билан мулоқотдан бош тортган. Путин режанинг айрим бандларига қарши. Шу билан бирга Россиянинг Европага ҳужум қилиш нияти борлиги ҳақидаги даъвони ҳам инкор қилган.
– Агар Россия ҳужуми тўғрисидаги фикр европаликлар онгида сингдирилган, шу тариқа улар ўз фуқароларини қўрқитиб, ишонтириб қўйган бўлса, биз Европага нисбатан ҳеч қандай тажовузкор муносабатда эмаслигимизни расмийлаштиришга тайёрмиз, – деди Путин.
Дарвоқе, айрим хорижий оммавий ахборот воситалари Россия 2014 ва 2022 йилларда Украина билан урушиш нияти йўқлигини бир неча бор айтганини эслатиб туради...
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gy9A1glWf_o" title="Putinning talabi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА