Прокуратура кўмаклашди – тадбиркор фаолиятини тиклади
Самарқанд вилояти прокуратурасида тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди.
Тадбирда вилоят прокуратураси томонидан тадбиркорлик субъектларининг эркинлиги кафолатларини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар хусусида ахборот берилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда вилоят прокуратураси ва туман, шаҳар прокуратураларида тадбиркорлик субъектларига доимий амалий ёрдам кўрсатувчи штаблар фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур штаблар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг 1000 дан ортиқ муаммоси ҳал этилди. Жумладан, 323 нафар тадбиркорнинг кредит, 14 нафарининг ер, 8 нафарининг бино ажратиш масаласидаги, 464 нафарининг коммуникация тармоғига уланиш, 19 нафарининг лицензия ва рухсатнома расмийлаштириш билан боғлиқ муаммоларига тезкор ечим топилди. Натижада, 895 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланиб, 2000 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди.
– Жомбой туманидаги “Amin Invest International” масъулияти чекланган жамиятининг айланма маблағларни тўлдириш учун 500 минг АҚШ доллари миқдорида банк кредити ажратилишида кўмаклашилгани натижасида, корхонанинг молиявий ҳолати яхшиланиб, қўшимча 300 та ишчи ўрни яратилди, – дейди Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Хуршид Мусурмонов. – Самарқанд туманидаги “AMON-BOBO” фермер хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолияти хом ашё етишмаслиги сабабли тўхтаб қолганлиги аниқланиб, мазкур субъектга ҳам 520 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши таъминлангач, корхона иши юришиб кетди. Тадбиркорлик субъектларига электр энергияси етказиб беришдаги асоссиз узилишлар ҳолатлари ўрганилиб, 9 та тўқимачилик корхонасининг электр энергияси учун олдиндан тўланган 3,8 миллиард сўм тўловлари қайтарилиши таъминланди ва корхоналар молиявий соғломлаштирилди. Шунингдек, саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Самарқанд вилояти бошқармаси мансабдор шахслари томонидан 27 та саноат корхонаси раҳбарларига нисбатан тузилган маъмурий баённомалар бекор қилиниб, 67 миллион сўм маъмурий жарималар тадбиркорлик субъектларига қайтарилди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан жорий йилнинг 9 ойида тадбиркорлик фаолиятини текшириш тартибини бузиш билан боғлиқ 42 та ҳолат аниқланиб, 14 та тақдимнома киритилган ҳамда 55 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, 800 дан ортиқ тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
– Шу йилнинг 3 сентябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган селектор йиғилишида берилган топшириқлардан сўнг, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар кўлами янаям кенгайди, – дейди Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Жасур Йўлдошев. – Хусусан, Ургут туманида фаолият олиб бораётган саноат корхоналарининг мавжуд муаммолари ўрганилганда 30 нафар тадбиркорнинг 35 та муаммоси қайд этилиб, бугунга қадар 16 та муаммо бартараф қилинди. Масалан, “Қаҳҳор ота агро сервис” масъулияти чекланган жамиятининг табиий газ ва электр энергияси тармоғига уланиш, қуриб битказилган биносининг кадастр ҳужжатларини шакллантириш, божхона омборида турган маҳсулотларини реализация қилишдаги муаммолари бартараф этилиши натижасида корхона фаолияти тикланиб, 250 нафар фуқаро ишга қабул қилинди. “Isnur Qutlan Tekstil” масъулияти чекланган жамиятига 200 минг АҚШ доллари, “Farzona bonu Plast” ҳамда “Zeki Pack” масъулияти чекланган жамиятларига 3 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилиши таъминланди. “Элит софт продукт” масъулияти чекланган жамиятининг кадастр ҳужжатини расмийлаштиришдаги муаммолари бартараф этилиб, 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратилишга амалий ёрдам берилди.

– Прокуратура томонидан ўн йиллик муаммоларимиз ҳал этилиб, тадбиркорлик фаолиятимизни давом эттиришга имконият яратилди, – дейди “Қаҳҳор ота агро сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдураҳмон Қаҳҳоров. – Биз асосан, хорижга қуруқ мева экспорти билан шуғулланамиз. Шу фаолиятни кенгайтиришда ва замонавий асосда йўлга қўйиш учун Вағашти маҳалласида 35 миллиард сўмлик лойиҳа қилиб, замонавий бино қурдик. Лекин бино қуриб битказилгач, кадастр, газ, электр таъминоти масалаларида муаммоларга дуч келдик. Бир неча йилдан буён ушбу муаммоларимизни ҳал этиш учун турли идораларга юздан ортиқ ариза бердик, аммо натижа бўлмади. Шундай бўлса-да, Иштихон туманида ижарага жой олиб, ишимизни давом эттиравердик. Прокуратура ходимлари Ургутдаги ишламай турган корхоналарни бориб ўрганаётганини эшитиб, биз ҳам ўз муаммоларимизни айтдик. Президентимиз яратиб берган имкониятлар ва прокуратура ходимларининг ёрдами билан йиллар давомида чўзилиб келаётган муаммоларимиз ҳал этилди ва 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлди.
Учрашувда вилоят прокуратураси масъуллари М.Ҳамроева, А.Юсупов, Ж.Мардонов ва С.Самариддинов томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат шаффофлигини ошириш, тадбиркорлар учун қўлланилаётган солиқ имтиёзлари, тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилаётган кредитлар ҳақида тақдимотлар қилинди.
[gallery-31846]
Шунингдек, вилоят прокуратурасининг “Тадбиркорга кўмак” (@samtadbirkoryordambot) телеграмм чат боти ҳақида тушунча берилди.
Тадбирдан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ургут туманига пресс-тур ташкил этилиб, “Innovation med total” ва “Agro dry fruits” корхоналари фаолияти билан танишилди. Мазкур субъектлар фаолиятини ривожлантириш борасида прокуратура органлари томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам ҳақида маълумот берилди.



– 2019 йилдан буён гигиена воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз ва 150 кишини иш билан таъминлаганмиз, – дейди “Innovation med total” корхонаси раҳбари Шаҳоб Мирбобоев. – Маҳсулотларимиз ички бозор билан бирга, хорижга экспорт қилинади. Фаолиятимизни кенгайтириб, яна бир корхона ташкил этиб, янги бино қургандик. Аммо тўрт йилдан буён кадастр ҳужжатларини олишда муаммоларга дуч келаётгандик. Прокуратура томонидан туманимиздаги тадбиркорларга кўмаклашиш мақсадида учрашув ўтказилганда ушбу масала бўйича мурожаат қилгандим, икки кунда муаммо ҳал бўлди. Кадастр ҳужжатларини олишим билан ушбу бинони гаровга қўйиб, прокуратура ёрдамида банкдан 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит олдим. Тез орада қўшимча 60 та иш ўрни яратамиз.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари