“Профилактика ҳафталиги” нега керак?
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани "Нурсух" маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ҳамда маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш мақсадида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги”га старт берилди.
Шу муносабат билан маҳаллада бўлиб ўтган тадбирда ҳафталикни самарали ташкил этишнинг аниқ чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Унда туман ҳокими Расулжон Жўраев, туман прокурори, ИИБ, фавқулодда вазиятлар бўлими, ташкилот ва муассасалар вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этди.

– Хўш, ижтимоий “Профилактика ҳафталиги” нега керак? – деди туман ҳокими Расулжон Жўраев. – Бу каби амалий-услубий тадбирлар маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.


Ҳафталик доирасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг дахлдорлик ҳиссини оширишга қаратилган тарғибот ва профилактик тадбирлар ташкил этилиши белгиланди.
Маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида хонадонларга ташрифлар амалга оширилиб, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиши, уларни қийнаётган ижтимоий муаммолар ўрганилиши қайд этилди. Шунингдек, аҳолининг кенг қатламини жалб этган ҳолда сайёр қабул ва тиббий кўриклар ўтказилади, ёшлар, хотин-қизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлашга алоҳида эътибор қаратилади.
“Ижтимоий профилактика ҳафталиги” Фарғона вилоятининг барча туманларида ҳам ташкил этилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА