Президент табриги – ёш қалблар тиргаги
Мамлакатимиз истиқболи – ёш авлоднинг қандай таълим-тарбия олганлиги ва қандай маънавий фазилатлар эгаси бўлиб вояга етганлиги билан ўлчанади.
Маълумки, инсоннинг ўзлиги, ўз моҳиятига етиши борлиққа – оламга, ҳаётга она-табиатга, инсонларга бўлган меҳр-муҳаббатида намоён бўлади. Маънавий етук инсон эса фақат ва фақат мактабда шаклланади, ақлан ва жисмонан ривожланади. Зеро, мактаб ўз моҳиятини теран англаб етишга қодир ва ўз Ватани, унинг тараққиёти, миллат фаровонлиги учун масъул инсонни тарбиялайди, ҳаётга учирма қилади.
Юртбошимизнинг мактаб битирувчиларига йўллаган табриги нафақат битирувчи ёшлар, балки катта-кичик барча элдошларимизга манзур бўлди. Ёшларнинг қалбида эртанги тинч, фаровон ҳаёт ва бахтли келажакка бўлган ишонч, умид учқунларини оловлантирди.
Мамлакатимиз тарихида илк бора йўлланган бундай мазмундаги табрик биз устозларни ҳам тўлқинлантирди. Касбимиз, ишимизга бўлган ишқимиз, завқимиз янада оловланди. Зеро, Жалолиддин Румий: «Заргарнинг ўз ҳунарига ишқи, модданинг ҳақиқий сифатларини англашга, бинобарин унга ишлов беришнинг усул ва воситаларини эгаллаб олишга етаклайди. Бу жараён заргар учун ўз-ўзини англаш жараёни ҳамдир», деб ёзган.
Инсон қайси касб эгаси бўлмасин, ўз ишига меҳр-муҳаббат билан ёндошса, шу соҳада камол топади. Айниқса, ўқитувчи кимни ўстирса, тарбияласа, ўзи ҳам ўсиб-улғаяди, донишмандлик касб этади. Давлатимиз, миллатимизнинг келажаги бўлган ёшларни тарбиялашдек буюк ва улуғ вазифа топширилган устозлар жамиятдаги энг азиз, энг эъзозли инсонлардир.
Қисқа муддатда таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилганлигини мамнуният билан қайд этиш жоиз. «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади» шиори остида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланганлиги, охирги тўрт йил ичида 134 та мактаб янгидан қурилиб, 2965 та мактабнинг реконструкция қилиниб, тубдан таъмирланиб замонавий жиҳозланганлигининг ўзиёқ фикримизга яққол далил бўлади.
Мамлакатимизда мутлақо янги шакл ва мазмундаги замонавий Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг барпо этилиши қалбимиздаги умидлар ҳосиласидир. Очиғини айтсам, бугунги янгиланаётган таълим тизимининг очилиши нафақат менинг 44 йиллик педагогик фаолиятим, балки бутун мамлакатимиз педагоглари учун мутлақо янги саҳифа, янги бир даврни бошлаб берди.
Бу эса озод ва обод Ўзбекистоннинг қадри баланд, мартабаси улуғ устоз-муаллимлар, илм оламан, ўқийман, деган ёшларнинг даври бўлди. Ҳар гал синфхонага кирсам Президентимизнинг «Мактаб бу – ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи», деган сўзлари қулоқларим остида жаранглагандай бўлади. Ҳар бир ўқувчимга қараб, уларнинг қиёфасида юртбошимиз орзу қилган, тинчлигимизнинг садоқатли соқчилари, эртанги кунимизнинг моҳир эгалари, жонажон Ўзбекистонимизнинг довруғини оламга ёядиган қаҳрамонларни кўргандай бўламан.
Бу қанотни, бу парвозни ёшларимиз Огаҳий номидаги муҳташам ижод мактабидан олади, албатта. Зеро, Огаҳий ҳазратлари илмнинг хосияти ва инсоннинг ҳаётидаги ўрни ҳақида шундай ёзган эди :
Илм андоқ ганжи нофедур бани одамғаким,
Кимда у бўлса икки олам обод анго.
Мана қисқа вақт ичида мактабимизнинг ижодкор ўқувчилари устозлари ёрдамида қатор ютуқларни қўлга киритди. Жумладан, мактабнинг 7-синф ўқувчиси Жавоҳир Каримов 10-14 ёшлилар ўртасида ўтказилган «Ёш китобхон» танловининг республика босқичида 3-ўринни эгаллаган бўлса, 9-синф ўқувчиси Гулмира Равшанбекова, 6-синф ўқувчилари Сарвара Каримова ва Гулираъно Отабекованинг илк китоблари дунё юзини кўрди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан нашри йўлга қўйилган «Ижод боғидан гулдаста» шеърий тўпламига 13 нафар ижодкор ўқувчининг шеърлари киритилди.
Хоразм фарзандларига бўлган меҳр-муҳаббат, уларнинг қонида, жонида муқим яшаб келаётган иқтидору истеъдодга бўлган юксак ишонч тимсоли сифатида янгидан қад ростлаган Огаҳий ижод мактаби яна икки йилдан сўнг илк қалдирғочларини мустақил ҳаётга учирма қилади. Ишонамизки, битирувчи ўқувчиларимиз юртбошимизнинг орзуларини рўёбга чиқариб, янги Ўзбекистонга муносиб фарзанд бўлади.
Мадина Матяқубова, филология фанлари номзоди, Огаҳий ижод мактабининг олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.
ЎзА