Президент шахматчиларимизни икки карра Олимпиада чемпионлиги билан табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбари шахматчиларимизни 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги тарихий ғалаба билан яна бир бор табриклади.
– Икки карра Олимпиада чемпиони деган юксак ва шарафли унвон барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига муборак бўлсин! – деди Президентимиз.
Самарқанддаги Олимпиада оддий спорт мусобақаси бўлмагани таъкидланди. Унда 200 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 2 минг шахматчи, жумладан, кучли гроссмейстерлар ва амалдаги чемпионлар жам бўлди.
– Шундай улкан рақобат ичида Ўзбекистон байроғини энг баландга кўтариш бу ҳақиқий жасорат, катта ақл-заковат ва мустаҳкам ирода намунасидир, – деди давлатимиз раҳбари.
Ғалабага ўз юртимизда, халқимиз кўз ўнгида эришилгани унга алоҳида маъно бағишлади. Олимпиадани бевосита кузатиш учун Самарқандга 60 мингдан ортиқ меҳмон келди. Ҳудудлардаги фан-зоналарда қарийб 500 минг мухлис, телеэкран ва интернет орқали эса миллионлаб ватандошларимиз ўйинларни кузатди.