“Президент олимпиадаси” Тошкент вилояти босқичи старт олди
Олмалиқ шаҳридаги ОКМК ўйингоҳида “Президент олимпиадаси”нинг вилоят босқичи катта тантана ва кўтаринки руҳда бошланди. Маълумки, ушбу спорт тадбири ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортга қизиқишни янада ошириш ҳамда иқтидорли спортчиларни саралаб олишда муҳим босқич ҳисобланади.
Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Ш. Маҳмудов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Тошкент вилоят кенгаши раиси С. Файзиева, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Ж. Бобожонов, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Р. Бобоқулов, Олмалиқ шаҳар ҳокими Қ. Ҳамдамов, шунингдек, спорт фахрийлари, мураббийлар, ёш спортчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, “Президент олимпиадаси” ёшлар учун ўз истеъдодини намоён этиш, профессионал спортга йўл очиш ҳамда уларнинг маҳоратини оширишга хизмат қилувчи муҳим платформа ҳисобланади. Очилиш маросими доирасида спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, бадиий-мусиқий дастурлар ҳамда турли спорт намойишлари тадбирга ўзгача шукуҳ ва байрамона кайфият бағишлади.

Мусобақалар вилоятнинг энг кучли ёш спортчилари иштирокида қизғин ва муросасиз курашлар билан давом этиши кутилмоқда.


Маълумот учун: мазкур турнирнинг илк босқичларида 13 та спорт туридан қатнашиш учун ҳудудлардан 28 минг 814 нафар номзод ёшлар рўйхатга олинган эди. Шулардан 2 минг 952 нафари мусобақанинг вилоят босқичига йўлланма олди. Шу билан бирга, оғир атлетика, теннис, сузиш, соҳил волейболи, велоспорт каби спорт турлари бўйича иштирокчилар тўғридан тўғри мусобақанинг вилоят босқичида қатнашадиган бўлди. Баҳслар ҳудудлардаги спорт мажмуаларида жорий йилнинг 15 майидан июнь ойи ўрталаригача давом этади.
А.Мусаев,ЎзА