“Президент олимпиадаси” доирасида гандбол бўйича саралаш мусобақалари ўтказилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтдаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мажмуасида ўғил болалар жамоалари ўртасида гандбол бўйича “Президент олимпиадаси”нинг саралаш мусобақалари бошланди.
Мусобақада иштирок этаётган жамоалар А, В, С ва D гуруҳларга бўлинган ҳолда гуруҳ босқичида ўзаро беллашмоқда. Саралаш баҳслари ёш спортчиларнинг маҳорати, жамоавий ўйин савияси ва жисмоний тайёргарлигини синовдан ўтказиш билан бирга, иқтидорли гандболчиларни аниқлашга ҳам хизмат қилади.
Саралаш босқичининг илк кунида Тошкент шаҳри – Самарқанд, Навоий – Жиззах, Андижон – Сурхондарё, Қорақалпоғистон Республикаси – Тошкент вилояти, Сирдарё – Қашқадарё, Бухоро – Наманган жамоалари ўртасида қизиқарли ва муросасиз учрашувлар бўлиб ўтди.
Мусобақа дастурига мувофиқ, 6 июлга қадар давом этадиган саралаш баҳсларида гуруҳ босқичида юқори натижа қайд этган энг кучли жамоалар кейинги босқич йўлланмаси учун кураш олиб боради.
[gallery-30246]
“Президент олимпиадаси” ёшларни спортга кенг жалб этиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда мамлакатимизда оммавий спортни янада ривожлантиришга хизмат қилаётган муҳим мусобақалардан бири ҳисобланади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА