Президент нутқи мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда
Бугун мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон қадрини юксалтириш, халқ фаровонлигини таъминлаш, жамиятда янгича тафаккур ва юксак маънавий муҳитни қарор топтиришга қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, эришилаётган натижалар, олдимизда турган устувор вазифалар ҳамда миллий юксалишнинг муҳим жиҳатлари кенг қамраб олинди. Унда илгари сурилган ғоялар мазмун-моҳиятини халққа, жумладан, йирик меҳнат жамоаларига етказиш ислоҳотларнинг моҳиятини англаш ва уларда фаол иштирок этишда муҳим омил бўлмоқда.
Шу мақсадда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамкорлигида ўқув-семинари ташкил этилди.

Видео-конференс-алоқа шаклида ўтказилган тадбирда НКМКнинг бошқарув аппарати, Навоий машинасозлик заводи, Геология-қидирув экспедицияси, Марказий, Шимолий, Жанубий ва “Қизилқум” кон бошқармалари ҳамда бошқа таркибий бўлинмалар раҳбар ва ишчи-ходимлари иштирок этди.
Семинарда Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Фарҳод Очиловнинг “Уч минг йиллик илдиздан инсон қадригача: тарихий ворислик, миллий ўзлик ва 35 йиллик ислоҳотларнинг ўлчови” ҳамда “Миллий юксалиш ўн йиллиги: етти миллий дастур яхлит тизим сифатида” мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Маърузаларда бугунги ислоҳотларнинг тарихий илдизлари, мустақиллик йилларида мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўли, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгаришларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Айниқса, жамият тараққиёти фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки инсоннинг дунёқараши, билим ва салоҳияти, маънавий етуклиги ҳамда ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан ҳам чамбарчас боғлиқ экани таъкидланди.

– Ислоҳотларнинг ҳаётдаги самараси ҳар бир фуқаронинг улар моҳиятини англаши ва ўз меҳнати билан муносиб ҳисса қўшишига ҳам боғлиқ, – дейди комбинат Матбуот маркази бошлиғи Абдумажид Жўраев. – Шу маънода, минглаб ишчи-ходимлар меҳнат қилаётган НКМК каби йирик корхоналарда маънавий-маърифий тадбирларнинг ташкил этилиши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки замонавий ишлаб чиқаришда юқори технология ва инновациялар билан бир қаторда, юксак билим, масъулият, ватанпарварлик ва янгиликка интилиш ҳам муҳим мезон ҳисобланади. Бугунги тадбирда ҳам ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадрият ва маънавий меросни асраб-авайлаш, тарихий хотирани мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тавсия этилган видеороликлар намойиш этилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири