Президент мурожаатномаси – Янги Ўзбекистон тараққиётининг стратегик йўл харитаси
Замонавий давлат бошқаруви тизимида давлат раҳбарининг парламент ва халққа мурожаат қилиши – сиёсий риторикадан анча кенг мазмунга эга бўлган стратегик ҳужжат ҳисобланади. У бир вақтнинг ўзида ҳисобот, дастур, прогноз ва мафкуравий йўналтирувчи вазифаларни бажаради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси ҳам ана шундай комплекс сиёсий ҳужжат сифатида намоён бўлди, дейиш мумкин.
ЎзА мухбири мазкур Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти ва унда илгари сурилган муҳим ташаббуслар хусусида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Нуриддин Қалқонов фикрларига қизиқди.
– Аввало айтиш керакки, Мурожаатнома – давлатнинг ўз фуқаролари олдида очиқ ҳисобдорлигини таъминлайдиган, стратегик мақсадлар ва амалий вазифалар ўртасидаги боғлиқликни очиб берувчи муҳим сиёсий инструментдир. У орқали мамлакат етакчиси нафақат йил натижаларини сарҳисоб қилади, балки келгуси босқичда жамият олдида турган асосий вазифаларни концептуал жиҳатдан белгилаб беради.
Давлатимиз раҳбарининг мурожаати “Бугун Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга келгуси йил учун Мурожаатномани тақдим этар эканман…” деган сўзлар билан бошланади. Бу ибора Мурожаатноманинг асосий йўналиши – келгуси тараққиёт стратегиясини белгилаш эканини кўрсатади.
Сўнгги йилларда диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар фалсафаси “декларация”дан “амалий натижа”га ўтиш билан характерланади. Президентимиз буни Мурожаатномада “Биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик” дея аниқ ва очиқ ифодалайди. Бу фикр давлат бошқарувида прагматик ёндашув, институционал самарадорлик ва натижадорликка асосланган сиёсат тамойиллари устувор бўлиб бораётганини англатади. Яъни, ислоҳотлар эндиликда ғоя сифатида эмас, балки ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон ҳаётида сезиладиган ўзгариш сифатида баҳоланмоқда. Бу натижалар шаҳар ва қишлоқлар қиёфасининг ўзгариши, инфратузилманинг модернизация қилиниши, рақамли хизматлар ривожи, янги иш ўринлари ва ижтимоий ҳимоя тизимида яққол намоён бўлмоқда.
Мазкур Мурожаатноманинг муҳим концептуал жиҳатларидан бири – Янги Ўзбекистон тараққиётининг глобал контекстда таҳлил қилинишидир. Президентимиз ўз нутқида жаҳонда кечаётган мураккаб жараёнларга алоҳида тўхталиб ўтади: “Дунёда содир бўлаётган ва яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар шароитида ўта мураккаб йилни якунлаяпмиз”. Бу ерда гап геосиёсий қарама-қаршиликлар, глобал савдо занжирларининг узилиши, хавфсизлик таҳдидлари, инфляцион босим ва молиявий ноаниқликлар ҳақида бормоқда. Шундай мураккаб муҳитда миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиши – давлат сиёсати самарадорлигининг асосий индикатори ҳисобланади.
Президентимиз таъкидлаганидек, барча қийинчиликларга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти ишончли ва барқарор ўсишда давом этди. Бу ҳолат ўлканинг макроиқтисодий барқарорлик сиёсати, диверсификацияланган иқтисодий модел ҳамда очиқ ташқи иқтисодий алоқаларга асосланган стратегияси тўғри йўналишда эканини кўрсатади.
Қайд этиш керак, Мурожаатномада келтирилган иқтисодий рақамлар юртимиз тараққиётида сифат жиҳатдан янги босқич бошланганини кўрсатади. Хусусан, Президентимиз қуйидагича таъкидлайди: “Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди”. Бу рақам нафақат иқтисодий ўсиш, балки давлатнинг стратегик режалаштириш қобилияти ошганини ҳам англатади. Чунки, мурожаатда таъкидланганидек, бор-йўғи тўққиз йил олдин ЯИМни 100 миллиард долларга етказиш катта марра сифатида баҳоланган эди. Шунингдек, экспорт ҳажми 33,4 миллиард долларга етган бўлса, олтин-валюта захиралари 60 миллиард доллардан ошди ҳамда хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларни ташкил қилди. Бу кўрсаткичлар иқтисодиётда ички ва ташқи ишонч мустаҳкамланганини билдиради.
Эътиборлиси, Президентимиз Мурожаатномада халқаро рейтинглар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, етакчи халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен рейтингини “ББ–”дан “ББ” даражасига кўтаргани таъкидланди.
Илмий нуқтаи назардан, бу ҳолат қуйидаги омиллар билан изоҳланади:
- давлат молиявий интизомининг яхшиланиши;
- қарз юкини бошқаришда шаффофлик;
- институционал ислоҳотларнинг барқарорлиги.
Президентимиз бунинг амалий фойдасини ҳам аниқ кўрсатади: “Бу ўзгариш туфайли ташқи қарз харажати йилига камида 300 миллион долларга камаяди”.
Президентимиз Мурожаатномада иқтисодий ўсишни мустақил мақсад сифатида эмас, балки инсон фаровонлигига хизмат қилувчи восита сифатида талқин қилади. Бу ёндашув замонавий ижтимоий давлат назариясига тўлиқ мос келади. Яъни, Мурожаатда шундай дейилади: “Ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда”. Бу фикр давлат сиёсатида инсон марказий ўринда эканини англатади. Иқтисодий ўсиш, инфратузилма, инвестиция – буларнинг барчаси пировардида инсон ҳаёти сифатини оширишга хизмат қилиши лозим.
Замонавий сиёсий назарияда “ижтимоий давлат” тушунчаси фақатгина қайта тақсимлаш ёки ижтимоий ёрдам механизмлари билан чекланмайди. У энг аввало, инсонни иқтисодий ўсишнинг марказига қўювчи, унинг муносиб ҳаёт кечиришини кафолатлайдиган институционал тизимни англатади. Мамлакатимиз етакчисининг 2025 йилги Мурожаатномасида айнан шу ёндашув давлат сиёсатида етакчи ғоя сифатида илгари сурилганини кўрамиз.
Президентимиз нутқида камбағаллик масаласи алоҳида стратегик аҳамиятга эга бўлган муаммо сифатида кўриб чиқилади. Бу борада у қуйидагича таъкидлайди: “Биз камбағалликни қисқартириш масаласини умуммиллий ҳаракатга айлантирдик”. Ушбу фикр камбағалликка қарши кураш давлатнинг якка ўзи амалга оширадиган вазифа эмас, балки жамиятнинг барча қатламлари – маҳалла, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат сектор ва фуқароларнинг ҳамкорлигини талаб қилувчи кенг кўламли жараён эканини англатади.
Муҳим жиҳати шундаки, Мурожаатномада келтирилган рақамлар ижтимоий сиёсатда тизимли бурилиш юз берганини кўрсатади. Хусусан, сўнгги йилларда 8,5 миллиондан ортиқ аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга туширилган ва 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланган. Илмий таҳлил нуқтаи назаридан, бу натижалар қуйидаги омиллар билан изоҳланади:
- ижтимоий ёрдамнинг адресли тизимга ўтказилиши;
- “маҳаллабай” ишлаш тамойилининг жорий қилиниши;
- камбағалликни фақат даромад етишмаслиги эмас, балки институционал чекловлар натижаси сифатида тушуниш.
Президентимиз бу масалада муҳим концептуал нуқтани белгилайди: “Асосий мақсадимиз – одамларимизни доимий даромадли қилиш”. Бу ерда ижтимоий сиёсатнинг пассив (нафақа, ёрдам) модели эмас, балки фаол ижтимоий давлат модели танланганини кўрамиз.
Камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали йўли – аҳолини иш билан таъминлаш ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Мурожаатномада бандлик сиёсатига алоҳида эътибор қаратилган. Президентимизнинг маълум қилишича, 2025 йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга пасайган. Бу кўрсаткичлар меҳнат бозорида институционал ўзгаришлар амалга оширилганини кўрсатади. Хусусан, “маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳалари, микролойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка имтиёзли кредитлар ажратиш орқали аҳоли ўз яшаш ҳудудида иш топиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу жараённи децентрализация қилинган бандлик сиёсати деб аташ мумкин.
Мурожаатноманинг энг муҳим ва ўзига хос қисмларидан бири – маҳалла институтига берилган стратегик аҳамиятдир. Президентимиз маҳаллани нафақат ижтимоий тузилма, балки миллий давлатчилик анъанасига асосланган ўзини ўзи бошқариш институти сифатида таърифлайди: “Маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади”. Бу фикр маҳалланинг ижтимоий капитал яратишдаги ўрнини кўрсатади. Ижтимоий капитал назариясига кўра, ишонч, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ёрдам жамиятнинг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Қайд этиш лозим, Мурожаатномада 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номлаш таклиф этилди. Президентимиз ташаббуси билан 2026 йилга берилган ном рамзий эмас, балки аниқ дастурий мазмунга эга. Бу йил доирасида маҳалла инфратузилмаси учун 20 триллион сўм, оғир шароитли 33 туман ва 330 маҳалла учун 8,5 триллион сўм ҳамда маҳаллий бюджетлар мустақиллигини оширишга қаратилган янги молиявий механизмлар жорий этилиши таъкидланди. Бундай чоралар маҳаллий бошқарувни кучайтириш, фискал децентрализация ва аҳолининг қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини оширишга хизмат қилади.
Президентимиз Мурожаатномасида инсон капитали масаласи алоҳида стратегик ресурс сифатида талқин қилинади. Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати давлат тараққиётининг узоқ муддатли асоси экани таъкидланади. Жумладан, 2025 йилда:
- ўқувчи ва талабалар халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш, 126 та бронза медални қўлга киритди;
- Ўзбекистон илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатига йўлланма олди;
- шахмат ва параспорт соҳасида рекорд натижалар қайд этилди.
Бу мисоллар инсон капиталига қилинган инвестициянинг самарасини кўрсатади. Қолаверса, Президентимиз нутқида ёшлар мамлакат келажагининг асосий таянчи сифатида кўрсатилди. Чунки республикамизда ёшлар учун таълим, касб-ҳунар, спорт ва тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. “Ёшларимизга қараб, улар эришаётган ютуқларни кўриб, кўксимиз тоғдек кўтарилади”. Илмий нуқтаи назардан, бу демографик дивиденддан самарали фойдаланиш сиёсати сифатида баҳоланади.
XXIаср глобал рақобат шароитида давлатлар ўртасидаги фарқ, энг аввало, табиий ресурслар ёки географик жойлашув билан эмас, балки технологик салоҳият, инновация даражаси ва инсон капитали сифати билан белгиланмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йилги Мурожаатномасида иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш устувор вазифа сифатида белгилаб берилгани тасодифий эмас. Президентимиз бу масалани қатъий тарзда қуйидагича ифода этади: “Ҳозирги глобал иқтисодиётда рақобатга чидамли бўлиш учун малакали мутахассислар ва замонавий технологиялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга”.
Шу нуқтаи назардан, бу ёндашув эндоген иқтисодий ўсиш назариясига тўлиқ мос келади. Ушбу назарияга кўра, иқтисодий ўсишнинг асосий манбаи – инновация, билим ва технологиядир.
Шунингдек, Президент Мурожаатномада қўшилган қиймат яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу йўналишдаги ислоҳотлар қуйидаги мақсадларга қаратилган:
- юқори технологияли саноат тармоқларини ривожлантириш;
- хомашё экспортидан тайёр маҳсулот экспортига ўтиш;
- меҳнат унумдорлигини ошириш.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Қаерда янги технология ва юқори малакали касб эгалари бўлса, ўша жойда ўсиш бўлади”.
Мурожаатномада келтирилган маълумотларга кўра, саноатда энергия самарадорлигини ошириш ҳисобига биргина йилда 1 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратилган. Бу рақам технологик модернизация иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини исботлайди.
Ўзбекистон лидери ўз нутқида инвестиция сиёсатида миқдор эмас, сифат устувор бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, у қуйидагича баён қилади: “Ҳар бир доллар инвестиция илғор технология, янги компетенция ва экспорт учун хизмат қилиши керак”. Бу фикр инвестиция сиёсатида стратегик саралаш тамойили жорий этилаётганини кўрсатади. Бу ёндашув “инвестиция сифати индекси”ни оширишга хизмат қилади.
Мурожаатномага кўра, келгуси йилларда 180 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш ҳамда 1 миллион юқори даромадли иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Таъкидлаш лозимки, Президентимиз рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект йўналишларини тараққиётнинг “драйвери” сифатида баҳолайди. Жумладан, 2025 йилда АТ хизматлари экспорти илк бор 1 миллиард долларга етган ва стартапларга 270 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилган.
Бу борада Президентимиз қуйидаги муҳим ташаббусларни илгари сурди:
- сунъий интеллект лабораториялари ташкил этиш;
- дата-марказлар ва суперкомпютерлар қуриш;
- финтех ва рақамли стартаплар экотизимини ривожлантириш.
Бу чоралар рақамли давлат концепциясини амалиётга жорий этишни англатади. Шунингдек, Президентимиз нутқида илм-фан ва инновация алоҳида стратегик ресурс сифатида кўрсатилди. Мурожаатномада илк бор Ўзбекистонда сунъий йўлдош учириш, миллий космонавт тайёрлаш ва Самарқандда Халқаро астронавтика конгрессини ўтказиш режалаштирилаётгани эълон қилинди. Бу ташаббуслар мамлакатни фақат технология истеъмолчиси эмас, балки технология ишлаб чиқарувчи давлатга айлантириш мақсадини кўзлайди.
Мурожаатномада ташқи сиёсатга бағишланган қисм Ватанимизнинг халқаро майдондаги фаоллиги ва нуфузи ошганини кўрсатади. Президентимиз нутқида “Биз Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида ҳамкорлик кўприкларини қуришда давом этамиз” дея таъкидлади. Биламизки, 2025 йилда юртимиз “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити, Марказий Осиё – АҚШ формати ва “Марказий Осиё – Япония” учрашуви каби халқаро мулоқотларда фаол иштирок этди. Бу ҳолат Янги Ўзбекистоннинг минтақавий етакчи ва конструктив дипломатик марказ сифатидаги ўрни мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Президентимиз Мурожаатномада 2026 йил учун аниқ устувор йўналишларни белгилаб берди. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш;
- иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш;
- ички бозор ва талабни рағбатлантириш;
- меҳнат бозори ва касблар трансформацияси;
- экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
- замонавий давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти.
Бу устувор йўналишлар давлат сиёсатида тизимли ва узвий ёндашув мавжудлигини кўрсатади.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга 2025 йилги Мурожаатномаси қуйидаги хулосаларни чиқариш имконини беради:
- Мурожаатнома – стратегик бошқарув ҳужжати сифатида давлат сиёсатида марказий ўрин тутади;
- Янги Ўзбекистонда натижадор, прагматик ва инсонга йўналтирилган давлат модели шаклланмоқда;
- ижтимоий давлат, маҳалла институти ва инсон капитали ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожланмоқда;
- технологик ва инновацион тараққиёт миллий иқтисодий стратегиянинг ўзагига айланган;
- Ўзбекистон халқаро муносабатларда конструктив, очиқ ва кўп векторли сиёсат юритмоқда.
Ўткир Алимов ёзиб олди.
ЎзА