Президент мактабларига 1 минг 632 ўқувчи қабул қилинади
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда Президент Таълим муассасалари агентлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Агентлик масъуллари ҳамда хорижлик ўқитувчилар иштирок этган анжуманда Президент мактабларига саралаш имтиҳонларининг якуни ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Агентлик тизимидаги мактабларга малакали, инновацион ва креатив фикрлайдиган, замонавий кадрларни жалб қилиш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган танловнинг мезон ва жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

- Республикамиздаги 14 та Президент мактабига 103 минг 570 ўқувчининг аризалари қабул қилинган. Биринчи босқич саралаш имтиҳонидан 32 минг 640 номзод иккинчи босқичга ўтиб, 1 минг 632 талабгор ўқишга қабул қилинади, - деди Президент таълим муассасалари агентлиги бўлим бошлиғи Шерзод Худойқулов. – Имтиҳонлар 3 кун давом этди. Олис Сўх ҳудудида ҳам алоҳида имтиҳон олиш майдони ташкил этилди. Талабгорлар учун барча шароитлар яратилди.
Агентлик томонидан Президент мактабларига педагогларни ишга қабул қилиш юзасидан жорий йилнинг 1 июнига қадар job.piima.uz сайти орқали Президент мактабларига – 1318 нафар, ижод мактабларига – 89 нафар ва ихтисослаштирилган мактабларга 110 нафар талабгор ариза топширган.

- Агентлик тизимидаги мактабларга педагогларни саралаш жараёни жуда қизғин кечди. Бунга сабаб талабгорларнинг кўплиги ва барчаси малакали, билимли эканлигидадир. Шундай бўлсада, улардан ижодкорлик, ўқув фанининг илмий-назарий асослари, мазмуни ва ўқув жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини амалиётда қўллай олиши каби бир қатор талаблар асосида сараланди. Танлов жараёнлари 3 босқичдан иборат бўлиб, учинчи босқичда 585 талабгор суҳбатда иштирок этди. Натижалар август ойининг биринчи ҳафтасида эълон қилинади, - дейди Хива шаҳридаги Президент мактаби ўқитувчиси Томас Топҳам.
Шунингдек, jоb.piima.uz sайти орқали Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш истагида бўлган чет эллик ўқитувчилар ҳам ариза топширган. Таъкидлаб ўтиш лозим, чет эллик ўқитувчиларни саралашда ҳам бир қатор талаблар мавжуд. Жумладан, уларнинг фан доирасидаги тажрибаси, Cambridge Curriculum билан ишлай олиши, педагогик ёндашуви ҳамда истеъдодли болалар билан ишлаш амалиёти ҳисобга олинади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА