Президент маданият ва санъат соҳасида таълим тизимини такомиллаштириш масаласига тўхталди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Бу борада, аввало, умумтаълим мактабларида мусиқа, тасвирий санъат ва технология дарслари “арт” ўқув дастури асосида такомиллаштирилиши белгиланди.
Ушбу йўналиш болани креатив фикрлаш, жамоавий ишлашга ўргатади, унда эстетик дид, эмотсионал интеллект ва инновацион тафаккурни шакллантиради.
Мутасаддиларга янги ўқув йилидан ҳар бир вилоятдаги 10 тадан умумтаълим мактабида тажриба тарзида арт йўналишини жорий қилиш топширилди.
Бунда 1-4-синфда болалар расм, мусиқа ва ўйинлар орқали ижодга, маданият ва санъатга қизиқтирилади, 5-7-синф ўқувчиларига ижодий жамоада ишлаш ва ўз фикрини эркин ифода этиш, 8-9-синфларда дизайн, графика ва сунъий интеллект орқали креатив лойиҳаларни ишлаб чиқиш, 10-11-синфларда ушбу лойиҳаларни тайёр маҳсулотга айлантириш ўргатилади.
ЎзА