Президент: Ҳеч бир технология боланинг қалбига устоздек йўл топа олмайди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Янги Ўзбекистон» университетида устоз ва мураббийлар билан учрашув ўтказмоқда.
Учрашувда дунёда билим яратиш, ахборот тарқатиш ва меҳнат қилиш усуллари шиддат билан ўзгараётгани қайд этилди. Сунъий интеллект матн тайёрлаши, дастур ёзиши ва маълумотни таҳлил қилиши мумкин. Лекин ҳеч бир технология боланинг қалбига устоздек йўл топиб, унга Ватанга муҳаббат ва масъулият туйғусини сингдира олмайди.
Президентимиз таълим ва илм-фан фидойиларининг бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди. Улар орасида педагоглар билан бирга таълим ривожига ҳисса қўшаётган тадбиркорлар ва хорижлик ҳамкорлар ҳам бор. Учрашувда мукофотлар ўз эгаларига топширилди.
Давлатимиз раҳбари мукофот соҳибларини табриклар экан:
— Ишонинг, мен уларни кўксингизга тақиб, сизлардан ҳам кўпроқ хурсанд бўляпман, — деди.
Шунингдек, таълимнинг барча бўғинларидаги илғор педагогларни рағбатлантириш учун жадид бобомиз Абдулла Авлоний номидаги алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклиф қилинди. Унинг илк соҳибларини келаси йилги байрам арафасида эълон қилиш ва тақдирлаш кўзда тутилмоқда.
ЎзА