Помидор қоқисини Европа бозорларига экспорт қилиш йўлга қўйилди
Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилган яна бир истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда. Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида рўйхатдан ўтган “Янгийўл-Агро Star” компанияси Сирдарё туманида саноатбоп помидор етиштириш ва уни замонавий технологиялар асосида чуқур қайта ишлашни йўлга қўйган. Корхонада ишлаб чиқарилаётган экспортбоп помидор қоқилари бугун Европа бозорларига етказиб берилмоқда.
Мазкур лойиҳа мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига юқори қўшимча қиймат яратиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Лойиҳа “Янгийўл-Агро Star” компанияси томонидан Туркиянинг Art Konserva компанияси технологиялари ҳамда Genboy Makina компаниясининг замонавий помидор кесиш ускуналари асосида амалга оширилмоқда.

Инновацион технологияларнинг жорий этилиши ишлаб чиқариш жараёнини 3–4 баробар тезлаштириб, меҳнат сарфини 7–8 баробарга қисқартириш имконини берди. Бу маҳсулот сифатини халқаро стандартлар даражасига етказиш, таннархни пасайтириш ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда.
Қуритиш учун махсус саноатбоп, сергўшт ва қуруқ моддалар миқдори юқори бўлган «Rio Grande», «Link», «Linok», «Galileo», «Roker» ва «Kuruno» навли помидорлар етиштирилиб, улардан экспортбоп помидор қоқиси тайёрланмоқда. Европа бозори талабларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида Италиянинг Areafredda компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Келишув доирасида италиялик агрономлар экиш, парваришлаш ва қуритиш жараёнларида бевосита иштирок этиб, маҳаллий фермерларга илғор агротехнологиялар бўйича амалий тавсиялар бермоқда.

Айни пайтда компания Сирдарё туманида 100 гектар майдонда Италия, Туркия, Сербия ва Германия селекциясига мансуб «Grand», «Ercole» ва «Marserio» каби юқори ҳосилли саноатбоп помидор навларини парваришлаб, уларни қуритиш ва чуқур қайта ишлашга йўналтирмоқда. Етиштирилган ҳосил замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, юқори сифатли қуритилган помидор маҳсулоти тайёрланмоқда. Илк партиялар Туркия бозорига муваффақиятли экспорт қилинган бўлса, бугунги кунда маҳсулотларни Европа мамлакатларига етказиб бериш йўлга қўйилди.
Компания раҳбари Алишер Ибрагимовнинг таъкидлашича, экспорт бозорларини янада кенгайтириш учун барча зарур имкониятлар ва ишончли халқаро ҳамкорлик алоқалари шаклланган.

— Бугунги кунда ишлаб чиқариш қувватимиз, замонавий технологияларимиз ва хорижий ҳамкорларимиз Европа бозорларига ишонч билан чиқишимиз учун мустаҳкам замин яратмоқда. Бу эса эришган ютуқларимизнинг энг муҳим омилларидан биридир, — дейди у.
“Янгийўл-Агро Star” қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган корхоналардан бири ҳисобланади. Компания помидор, қуритилган помидор, булғор қалампири ва кўкат маҳсулотларини етиштириш билан бир қаторда, мамлакатнинг турли ҳудудларида экспортбоп маҳсулотлар кластерини шакллантириш устида ҳам иш олиб бормоқда.
Лойиҳа доирасида дастлаб Италияга 36 тонна помидор қоқиси экспорт қилиниб, бу 200 тоннани ташкил этувчи экспорт шартномасининг биринчи босқичи сифатида амалга оширилди. Натижада 623 тонна саноатбоп помидор қайта ишланиб, 300 нафар фуқаро мавсумий иш билан таъминланди.

Лойиҳанинг юқори самарадорлиги инобатга олиниб, 2026 йилда экспорт ҳажмини 2 минг тоннага етказиш бўйича янги келишувга эришилди.
Мутахассислар фикрича, мазкур лойиҳа Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш соҳасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. У фермерлар учун барқарор ва кафолатли бозор яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳамда қайта ишланган маҳсулотлар улушини оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, қуритилган помидор ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва мазкур илғор тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш режалаштирилган. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро бозорларда юқори қўшимча қийматга эга қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортчиси сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири