Politico: Бу йил Европада қиш қаттиқ келади, Германия эса газ сотиб олмоқчи эмас
Европада табиий газ захираси хавфли даражада камайиб кетди. Бинобарин бу йил қишда танқислик ва нарх кўтарилиши кутиляпти. Қитъа газ операторлари уюшмаси – "Gas Infrastructure Europe" томонидан бошқариладиган AGSI – "Aggregated Gas Storage Inventory" платформаси маълумотига кўра, ЕИ мамлакатларидаги ер ости газ сақлаш иншоотларидаги газ захираси охирги беш йил ичидаги энг паст кўрсаткичга тушди.
7 август ҳолатига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларидаги газ сақлаш иншоотлари умумий ҳисобда атиги 58,32 фоиз тўлдирилган.
Нашр ёзишича, Германия кўҳна қитъа вазияти ўзгаришида муҳим ўрин тутади.
Савдогарлар ва коммунал хизмат ЕИдаги газ омборларини тўлдиради. Улар одатда ёзда арзон сотиб олинган газни қишда қиммат сотади. Бу йил АҚШ – Эрон уруши ва ҳаддан ташқари иссиқ туфайли ёзда нарх кўтарилиши эса айни тартибни бузди. Натижада ЕИ омборлари ўртача тўлиш даражаси тахминан 58 фоизни ташкил қилди.
Сўнгги маълумотга кўра, август ойида ГФР газ захираси миллий қувватнинг атиги 47 фоизини қоплаган.

Евроиттифоқнинг қолган давлатларида ҳам аҳвол яхши эмас: Нидерландияда 38.8, Швецияда 36.9 фоиз. Фақат Польша ва Португалия 80 фоиздан кўп сиғимга эга сақлаш иншоотига эга. Бир йил олдин ЕИнинг умумий кўрсаткичи 70,62 фоиз эди.
“Politico” Германия бу борада қитъадаги энг заиф мамлакат эканини таъкидламоқда. Яъни, улкан ҳажм туфайли газ танқислиги таъсири қўшни давлатларга ҳам кўчиши мумкин. Берлин Германия таъминотини тўлдира олмаса, бутун блок бўйлаб нарх ошади.
С.Раҳимов, ЎзА