Покистон Саудия Арабистонига қўшин киритди(ми)?
Яқин Шарқдаги кескинлик кучайиши фонида Покистон Саудия Арабистони хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун махфий келишув асосида минглаб аскарлар, жанговар авиация ва мудофаа тизимларини жойлаштирди, деб хабар бермоқда “Reuters” нашри.
Манбаларнинг аниқлик киритишича, юборилган аскарлар шунчаки ҳарбий маслаҳатчилар эмас, балки Саудия Арабистонига тўғридан-тўғри ҳужум уюштирилган тақдирда жангга киришишга қодир бўлган профессионал кучлардир.
Айрим хорижий нашрлар ёзишича, жорий йилнинг апрель ойи бошида Покистон Ар-риёд ихтиёрига 16 та “JF-17” қирувчи самолётини тақдим этган. Бундан ташқари, қироллик мудофаасини кучайтириш учун икки эскадрилья дронлар ва Хитойнинг “HQ-9” зенит-ракета мажмуалари сафарбар қилинган.
Етказилган ҳарбий техникани покистонлик мутахассисларнинг ўзлари бошқаради, бироқ уларни сақлаш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча молиявий харажатлар тўлиқ Саудия томонидан қопланади. Агар вазият тақозо этса, Исломобод минтақага яна қўшимча кучларни жўнатиши мумкин.
Саудия Арабистонида аввалги келишувлар асосида минглаб покистонлик ҳарбийлар аллақачон хизмат бурчини ўтамоқда. Янги имзоланган келишув эса инқирозли вазиятларда Покистонга қироллик чегараларини ҳимоя қилиш учун 80 минг нафаргача аскар юбориш ҳуқуқини беради.
Қироллик билан бундай яқин ҳарбий ҳамкорликка қарамай, Исломобод минтақавий можароларда, хусусан, Эрон билан муносабатларда мувозанатни сақлашга уринмоқда. Маълум бўлишича, Покистон бир вақтнинг ўзида Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги алоқаларни тиклашда воситачилик қилган ҳамда улар ўртасидаги махфий тинчлик музокараларига мезбонлик қилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА