Пластик чиқиндидан экологик маҳсулот
Қорақалпоғистонда ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий бизнес лойиҳаларини амалга оширишга рағбатлантириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси доирасида ўтказилган танлов ҳам ана шу мақсадга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири бўлди. Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларидаги босқичларида 263 та маҳалладан 3 минг 228 нафар ёш ўзининг стартап, тадбиркорлик ва ижтимоий лойиҳалари билан иштирок этди. Иштирокчилар томонидан илгари сурилган ғоялар орасида атроф-муҳитни асраш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли учун талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар ҳам салмоқли ўрин эгаллади.
Танловнинг Нукус шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган Жадира Болегенованинг лойиҳаси эса экологик муаммога тадбиркорлик ёндашуви билан эътиборга молик. Унинг “Эко пуфик” деб номланган стартап лойиҳаси пластик чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан пуфиклар ишлаб чиқариш ғоясига асосланган. Лойиҳанинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда чиқинди сифатида қаралаётган пластик материаллар ва газлама қолдиқларидан фойдаланиб, янги маҳсулот яратиш кўзда тутилган.
Пластик чиқиндиларни қайта ишлаш орқали атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, аҳоли учун ҳамёнбоп маҳсулот ишлаб чиқариш ва лойиҳани кенгайтириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш имконияти пайдо бўлади.
— Менинг мақсадим пластик чиқиндиларни шунчаки йиғиш эмас, балки улардан фойдали маҳсулот яратиш. Шу орқали ҳам экологик муаммони ҳал этишга, ҳам янги иш ўринлари яратишга ҳисса қўшишни истайман, — дейди Жадира.
Айни пайтда экологик тоза ва қайта ишланган материаллардан тайёрланган маҳсулотларга қизиқиш ортиб бораётгани бундай стартапларнинг бозорда ўз ўрнини топиши учун имконият яратмоқда. Жадиранинг лойиҳаси ҳам ғоянинг ижтимоий аҳамиятини тадбиркорлик имкониятлари билан уйғунлаштиргани билан ажралиб туради.
Ёш тадбиркорнинг ташаббуси партия томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Зеро, “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳасининг асосий мақсади ҳам ёшларнинг янги ғояларини аниқлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва истиқболли ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири