Пиллачилик — иқтисодий ўсиш ва бандликнинг муҳим драйвери
Сирдарё вилояти Боёвут туманида пиллачилик соҳасини янада ривожлантириш, тутчилик занжирини мустаҳкамлаш ҳамда ипак қурти парваришини замонавий агротехнологиялар асосида ташкил этиш масалаларига бағишланган муҳим тадбир бўлиб ўтди.
Усмон Юсупов маҳалласида илғор пиллакор ва инкубаторчи Ойхол Мусаева хонадонида ташкил этилган амалий семинарда фермер хўжаликлари ва агрокластерлар вакиллари, шунингдек, пиллачилик соҳасига қизиқиш билдирган аҳоли иштирок этди. Тадбирда туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов соҳада мавсумий жараёнларни тизимли ташкил этиш, илмий ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини изчил ошириш бўйича устувор вазифаларни алоҳида таъкидлади.

Маълумотларга кўра, жорий мавсумда туманда 2084 қути ипак қурти парваришланиши ҳамда 125 тоннадан ортиқ сифатли пилла етиштириш режалаштирилган. Бу кўрсаткичлар нафақат ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади, балки аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Таъкидланишича, белгиланган юқори натижаларга эришишда тутзорларнинг агротехник ҳолати, озуқа базасининг барқарорлиги ҳамда парвариш жараёнларининг илмий асосда ташкил этилиши ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Бугун тутчилик занжирини мустаҳкамлаш масаласи соҳадаги энг устувор йўналишлардан бири сифатида кўрилмоқда. Бу борада тут дарахтларини агротехник талаблар асосида парваришлаш, минерал ва органик ўғитлардан оқилона фойдаланиш, биологик ҳимоя усулларини жорий этиш орқали барг ҳосилдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Натижада ипак қурти учун барқарор ва сифатли озуқа базаси шаклланиб, пилла ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошириш имкони яратилмоқда.

Семинар давомида инкубация жараёнларини тўғри ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тухумларни очириш даврида ҳарорат ва намлик режимини замонавий технологиялар ёрдамида қатъий назорат қилиш юқори чиқимга эришишнинг асосий шарти экани қайд этилди.
Шунингдек, парвариш босқичларида агротехник талабларга тўлиқ риоя этиш, зараркунанда ва касалликларга қарши профилактик чораларни ўз вақтида кўриш ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим омил экани таъкидланди.

Бундан ташқари, соҳани янада ривожлантириш мақсадида селекция ишларини кучайтириш, интенсив тутзорлар майдонини кенгайтириш, юқори маҳсулдор ипак қурти навларини жорий этиш, тайёр маҳсулотни чуқур қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш, шунингдек, мавсум давомида ҳар бир қутидан юқори ҳосил олиш ҳамда қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири