Пиллачилик бўйича сайёр учрашувлар ўтказилди
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида пиллачиликни янада ривожлантириш, соҳада мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда жорий мавсумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида сайёр учрашувлар ташкил этилди. Мазкур тадбирлар туман ҳокими Комилжон Муллажонов бошчилигида, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида ўтказилди.
Учрашувларда ҳоким ўринбосарлари, жумладан, оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича масъуллар, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси мутасаддилари, шунингдек, “Агропилла” МЧЖ раҳбарияти иштирок этди. Шу билан бирга, фермер хўжаликлари раҳбарлари, сув истеъмолчилари уюшмалари раислари, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар етакчилари ҳамда бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўлими вакиллари фаол иштирок этишди.

Тадбирлар давомида пиллачилик тармоғининг иқтисодий аҳамияти, айниқса, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашдаги ўрни алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, пиллачилик нафақат қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи, балки хотин-қизлар учун барқарор даромад манбаи сифатида ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Шу боис, соҳани ривожлантириш орқали оилалар фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга эришиш мумкин.

Мутахассислар томонидан ипак қурти парваришини самарали ташкил этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, пилла боқиш учун зарур шароитларни яратиш, касалликларнинг олдини олиш ҳамда юқори сифатли маҳсулот етиштириш бўйича амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, ҳар бир ҳудудда ишларни тизимли йўлга қўйиш, масъуллар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва белгиланган режаларни ўз вақтида бажариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


— Пиллачилик соҳаси бўйича бугун ўтказилган сайёр учрашув пилла боқарлар учун ниҳоятда фойдали бўлди. Унда иштирокчилар мутахассислар томонидан ипак қурти парваришини тўғри ташкил этиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш, тут плантацияларини кенгайтириш, мавжуд дарахтларни парвариш қилиш ва сифатли озуқа базасини шакллантириш масалалари бўйича батафсил маълумотларга эга бўлишди. Айниқса, пиллачилик орқали хотин-қизлар учун қўшимча даромад манбаи яратиш борасида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди, — дейди туман “Агропилла” МЧЖ раҳбари Бегмурод Негмуродов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири