Петербург форуми: янги иқтисодий тартиб шаклланяптими?
Санкт-Петербургда 3-6 июнь кунлари бўлиб ўтадиган XXIX Петербург халқаро иқтисодий форуми нафақат Россиянинг энг йирик иқтисодий анжумани, балки кўп қутбли дунё иқтисодиётининг янги қоидалари муҳокама қилинадиган муҳим майдон сифатида ҳам диққат марказида турибди. Бу йилги анжуманнинг “Прагматик мулоқот – барқарор келажакка йўл” шиори халқаро муносабатларда тобора кучайиб бораётган бир тенденцияни акс эттирмоқда: давлатлар сиёсий қарама-қаршиликдан кўра, иқтисодий манфаатга кўпроқ таянишга ҳаракат қилмоқда.
1997 йилдан бери ўтказиб келинаётган форум дастлаб Россиянинг инвестиция имкониятини намойиш қилиш майдони сифатида шаклланган бўлса, кейинчалик глобал иқтисодий кун тартибини муҳокама қилиш платформасига айланди. Бугун ПХИФ кўп жиҳатдан Давос форумига муқобил формат сифатида қараляпти. Асосий фарқ эса амалий натижага йўналтирилганида намоён бўлади. Мазкур тадбирда нафақат фикр алмашилади, балки йирик инвестиция шартномалари имзоланади, янги ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилади ва узоқ муддатли бизнес алоқаларига асос солинади.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев ЎзАга интервью бераркан, дастлаб сўнгги йилларда форумнинг географияси сезиларли даражада ўзгарганига эътибор қаратди: аввал Европа давлатлари ва ғарб компаниялари асосий иштирокчи эди, ҳозир эътибор марказида Осиё, Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкаси. Жараён халқаро иқтисодий муносабатларда юз бераётган чуқур трансформациянинг ифодаси сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, БРИКС мамлакатлари ва “Глобал Жануб” деб аталувчи давлатлар гуруҳининг таъсири ортиб бораётгани иштирокчилар таркибида ҳам яққол кўринмоқда.
2025 йилги анжуман натижаси шундай ўзгаришнинг амалий тасдиғидир: тадбирда 144 мамлакатдан 24 000 га яқин вакил тўпланди, жами 6,48 триллион рублга тенг 1084 шартнома имзоланди. Бу рақамлар ПХИФнинг иқтисодий аҳамияти сақланиб қолаётгани, халқаро бизнес ҳамон мазкур майдонни муҳим мулоқот платформаси сифатида қабул қилаётганини кўрсатади.
Бу йилги кун тартиби ҳам жаҳон иқтисодиёти олдида турган энг долзарб масалаларни қамраб олган. Глобал бозор парчаланиши, таъминот занжиридаги узилиш, миллий валюталарда ҳисоб-китоб, сунъий интеллектнинг иқтисодиётга таъсири, энергетика хавфсизлиги ва рақамли суверенитет каби мавзулар муҳокама марказида бўлади. Аслида бундай мавзуларнинг бари бир-бири билан узвий боғлиқ, чунки дунё иқтисодиёти ҳозирги босқичда бир вақтнинг ўзида ҳам технологик инқилобни, ҳам геосиёсий қайта тақсимланишни бошдан кечирмоқда.
Умумий дастурдан ШҲТ бизнес форуми, БРИКС бизнес форуми, В20 минтақавий мулоқоти, кичик ва ўрта бизнес форуми каби тадбирлар ўрин олгани ҳам бежиз эмас. Айни жиҳат анжуман тобора ғарб марказли иқтисодий тизимдан ташқарида шаклланаётган ҳамкорлик форматларига эътибор қаратаётганини англатади. Бугунги шароитда кўплаб давлатлар ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга интилмоқда ва ПХИФ ана шу жараён учун қулай мулоқот майдони вазифасини бажармоқда.
Энг муҳим жиҳат шундаки, форум ўзини иқтисодий прагматизм платформаси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Геосиёсий зиддиятлар сақланиб қолаётган бир вақтда бизнес ва инвестиция учун мулоқот каналларини очиқ сақлаш кўплаб давлатлар манфаатига мос тушади. Шу маънода ПХИФ нафақат Россиянинг иқтисодий ташаббуси, балки шаклланаётган янги халқаро иқтисодий муносабатларнинг ўзига хос индикатори сифатида ҳам кўриляпти.
ПХИФ Ўзбекистонга нима беради?
Петербург халқаро иқтисодий форуми глобал иқтисодий жараённи муҳокама қилиш майдони бўлиш баробарида Марказий Осиё давлатлари учун аниқ иқтисодий натижа берувчи амалий платформа сифатида ҳам ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Сўнгги йилларда минтақа мамлакатларининг форумдаги иштироки изчил фаоллашиб бораётгани ҳам айнан шу омил билан изоҳланади.
ТДШУ магистранти Зарина Бўронова фикрича, Марказий Осиё учун асосий масала ташқи инвестиция жалб қилиш, янги бозорларга чиқиш ва транспорт-логистика йўлакларини кенгайтиришдир. ПХИФ ана шу вазифаларни амалга ошириш учун қулай муҳит яратади. Форумда нафақат Россия, балки Хитой, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Индонезия каби иқтисодий марказлар вакиллари иштирок этиши минтақа давлатларига бир вақтнинг ўзида бир неча йўналиш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш имконини беради.
Ўзбекистон мазкур жараёнда энг фаол иштирокчилардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Форум доирасида мамлакатимиз саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва юқори технологиялар соҳалари учун сармоя жалб қилиш имконига эга. Айниқса, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар шароитида бундай майдонлар аҳамияти янада ортган.
Бугунги кунда халқаро рақобатда фақат сармоя жалб қилишнинг ўзи етарли эмас. Давлатлар ўз маҳсулотини ташқи бозорга чиқариш учун ҳам янги имконият изламоқда. Шу нуқтаи назардан ПХИФ Ўзбекистон учун экспортни кенгайтириш воситасидир. Юзлаб компаниялар, давлат делегациялари билан бевосита мулоқот қилиш имконияти маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги шериклар топишга хизмат қилади. Тўқимачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат саноати, кимё тармоғи ва кон-металлургия соҳалари бу борада салоҳиятга эга йўналишлар ҳисобланади.
Дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш имконияти тадбирнинг яна бир муҳим жиҳатидир. Расмий йиғилишлардан ташқари, тадбир доирасида ўтказиладиган икки томонлама учрашувлар кўпинча муҳим иқтисодий келишувларга замин яратади. Шу маънода ПХИФ сиёсий мулоқот билан иқтисодий ҳамкорлик ўртасидаги кўприк вазифасини бажаради. Ўзбекистон форумда мунтазам қатнашиб келаётгани, 2026 йилги иштирок ҳам расман тасдиқлангани Тошкентнинг мазкур майдонга катта аҳамият қаратаётганидан далолат.
Марказий Осиё учун алоҳида аҳамиятга эга жиҳатлардан яна бири Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бизнес форуми ПХИФ доирасида ўтказилишидир. Минтақанинг барча давлатлари ШҲТ аъзоси ҳисобланади. Шу боис мазкур формат савдо, транспорт, логистика ва инфратузилма лойиҳалари бўйича кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имконият яратади. Айниқса, минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий интеграция фаоллашаётган ҳозирги шароитда бундай платформаларнинг аҳамияти ортиб бормоқда.
ПХИФнинг аҳамиятини фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчаш манзарани тўлиқ акс эттирмайди. Форум мамлакатлар имижи учун ҳам муҳим восита ҳисобланади. Халқаро бизнес ва сармоядорлар учун очиқ, прогноз қилинадиган ва ислоҳотларга содиқ давлат сифатида намоён бўлиш бугун инвестиция учун курашда ҳал қилувчи омилга айланмоқда. Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги иқтисодий ўзгаришлари ва ташқи сиёсатдаги очиқлик тамойили ана шундай нуфузли майдонларда янада яққол намоён бўлади.
ПХИФ-2026 умумий манзарасига назар ташласак, форумнинг асосий мазмуни иқтисодий прагматизм атрофида шаклланаётганини кўриш мумкин. Давлатлар тобора кўпроқ аниқ иқтисодий манфаатга таянмоқда, янги ҳамкорлик форматларини изламоқда ва глобал ўзгаришларга мослашишга интилмоқда. Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон учун айни жараёнда фаол иштирок этиш ташқи иқтисодий имкониятимизни кенгайтириш, экспорт географиясини диверсификация қилиш ва мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан ПХИФ шунчаки форум эмас, балки минтақа учун янги иқтисодий имкониятлар сари очилаётган эшик, десак муболаға бўлмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА