Пешкулик тадбиркор ун ишлаб чиқармоқда
Бухоро вилояти Пешку тумани “Навгаҳон” маҳалла фуқаролар йиғинида донни қайта ишлаш корхонаси, замонавий тегирмон ишга тушганига кўп вақт бўлмади. “Камола Руслан омад” деб номланган мазкур масъулияти чекланган жамият Раҳматулло Жамоловнинг бизнес лойиҳасидир.
Маҳаллий тадбиркор дастлаб оила аъзолари билан биргаликда қишлоқда ташландиқ ётган ер майдонининг 46 сотихни ўз тасарруфига олди. Бу майдонни ободонлаштириб, омбор ва цех қурилишини бошлаган. Бунинг учун умумий қиймати 2,5 миллиард сўм атрофида сармоя сарфланган бўлса, шундан 400 миллион сўми “Алоқабанк” туман филиали имтиёзли кредит маблағидир.

Юқори маҳсулдор Хитой технологияси, замонавий русумдаги тегирмон билан жиҳозланган корхонада бир ойда 400 тоннагача, бир йилда 4000 тонна атрофида буғдойни қайта ишлаш, ун сифатида қадоқлаш имконияти яратилган. Айни кунда 6 нафар ишчига эга корхона томонидан бир ойда 2 миллиард сўм, бир йилда эса 20 миллиард сўм моддий қийматдаги, 1-навли ун маҳсулоти аҳоли дастурхонига етказилмоқда.

“Камола Руслан омад” МЧЖнинг “Баркамол” ёрлиғи билан қадоқланаётган ун маҳсулоти маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқарилиб, Пешку ва қўшни туманлардаги фермер хўжаликларида етиштирилган сара буғдой маҳсули ҳисобланади. Бунда ишлаб чиқариш жараёни ва тайёрланаётган маҳсулот сифати санитария-гигиена талабларига тўла жавоб беради. Қолаверса, замонавий тегирмондан ҳар ойда чиқаётган 100 тоннадан ошиқ кепак маҳсулоти ҳудудда чорвачилик билан шуғулланаётган хўжалик ва аҳоли хонадонларига етказилмоқда.

Шу кунларда тадбиркор Раҳматулло Жамолов ишлаб чиқариш ва маҳсулдорликни ошириш, маҳаллий хомашё билан бирга, Қозоғистон Республикасидан буғдой киритиш, ички бозорда импортга бўлган талабни қисқартириш, аҳолига сифатли ун етказиб беришни режа қилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.