Пекинда стратегик музокаралар ўтказилди
Пекин шаҳридаги Халқ йиғинлари саройида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп ўртасида икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Давлат ташрифи доирасида ўтказилган ушбу учрашувда Хитой – АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди.
Си Цзиньпин жаҳондаги мураккаб ва ноаниқ вазият шароитида йирик давлатлар зиммасида масъулият янада ортиб бораётганини таъкидлади. У Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар “конструктив, стратегик барқарорликка эга алоқалар” тамойили асосида ривожланиши зарурлигини қайд этди.

Хитой раҳбари икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг асоси ўзаро манфаат ва тенглик эканини таъкидлаб, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, очиқлик ва ҳамкорлик муҳитини кенгайтириш муҳимлигини билдирди. Шу билан бирга, мавжуд келишувларни амалга ошириш ва сиёсий, иқтисодий, гуманитар соҳаларда мулоқот каналларини самарали ишлатиш зарурлиги қайд этилди.
Си Цзиньпин Тайвань Хитой – АҚШ муносабатларидаги энг муҳим ва сезгир масалалардан бири эканини таъкидлаб, ушбу йўналишда эҳтиёткорлик ва масъулият билан ёндашиш зарурлигини билдирди.

Дональд Трамп ўз навбатида Хитойга давлат ташрифи билан келишини юксак баҳолаб, Хитой раҳбари билан шахсий ва сиёсий мулоқотлар юқори даражада эканини қайд этди. У икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, мавжуд келишмовчиликларни мулоқот орқали ҳал этиш ва ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканини билдирди.
Музокаралар давомида томонлар халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар, жумладан, Яқин Шарқ, Украина инқирози ва Корея яриморолидаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди. Шунингдек, бу йил бўлиб ўтадиган АТЭС ва “Г20” саммитларида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Учрашув олдидан Си Цзиньпин Дональд Трампни расмий тарзда тантанали маросим билан кутиб олди. Икки давлат мадҳиялари янгради ва 21 карра тўп отилиши билан расмий маросим ўтказилди.
Давлат ташрифи Хитой ва АҚШ ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, глобал барқарорлик ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА