Педофилия: Энг самарали жазо — умрбод қамоқ
Жамиятда болалар хавфсизлигини таъминлаш энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шунга қарамай, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳанузгача долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Педофилия – вояга етмаган болаларга нисбатан жинсий қизиқиш билан ифодаланадиган психологик ҳолат бўлиб, бу ҳуқуқий жиҳатдан жиноят, боланинг жисмоний ва руҳий ривожига чуқур зарар етказувчи омил сифатида баҳоланади.
Педофилия қурбонига айланган болаларда энг чуқур ва оғир асоратлар руҳий ҳолатда намоён бўлади. Бунда болалар кўпинча кучли психологик травма ҳолатини бошдан кечиради. Бундан ташқари, жабрланган болаларда ўз-ўзини баҳолашнинг кескин пасайиши, уят ва изоляция ҳиссининг кучайишига олиб келади. Айниқса, зўравонлик яқин инсони томонидан содир этилган бўлса, боланинг инсонларга бўлган ишончи издан чиқади ва бу келажакдаги муносабатларга ҳам жиддий таъсир кўрсатади.
Педофилия фақат руҳий зарар билан чекланмайди, балки боланинг жисмоний саломатлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Сўнгги йилларда неврологлар олиб бораётган тадқиқотларга кўра, узоқ давом этган стресс натижасида мия фаолиятида, хусусан, ҳиссий бошқарув, хотира ва диққат билан боғлиқ жараёнларда ўзгаришлар кузатилади. Бу эса боланинг ўқиш қобилияти ва умумий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.
Педофилия оқибатлари кўпинча улғайгандан кейин ҳам сақланиб қолади. Зўравонликка учраган шахслар кўпинча улғайгандан сўнг ҳам ижтимоий ва оилавий муносабатлар қуришда қийинчиликларга дуч келади. Шунингдек, болаликдаги зўравонлик келажакда турли салбий хулқ-атвор шаклларига олиб келиши эҳтимоли мавжуд. Жумладан, депрессия, ўз-ўзига зарар етказиш, зарарли одатларга мойиллик ва агрессив хатти-ҳаракатлар кузатилиши мумкин. Айрим ҳолатларда травма натижасида шаклланган психологик муаммолар шахснинг жамиятга мослашувини қийинлаштиради, унинг таълим ва касбий фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Юқорида педофилия сабаб юзага келадиган муаммоларни бежизга келтириб ўтмадик. Хўш, бу каби жамиятда энг жирканч ва оғир жиноятга қандай жазо қўллаш керак?! Дунё миқёсида таҳлил қиладиган бўлсак, қўшни Қозоғистон Республикасида “Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун асосида педофилларга нисбатан кимёвий кастрация қўллашга рухсат берилди. Шунингдек, жиноят оғирлигига қараб умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам қўлланилади.
Россияда сўнгги йилларда бу турдаги жиноятларга чора кескин кучайтирилди. Жумладан, 4 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси, мажбурий тиббий чоралар (жумладан, кастрация), 2018 йилдан бошлаб айрим ҳолатларда умрбод қамоқ жазоси жорий этилган.
Германияда эса педофилия жиноят сифатида қатъий жазоланса-да, унга психологик муаммо сифатида ҳам ёндашилади. Жазо турлари қуйидагича: 6 ойдан 10 йилгача қамоқ жазоси, оғир ҳолатларда умрбод қамоқ жазоси, мажбурий психиатрия даволаш чораси, ихтиёрий жарроҳлик кастрацияси қўлланилади.
Украинада бундай жиноятлар учун 7 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси белгиланиб, бундай вазиятда ҳеч қандай амнистия қўлланилмайди. Педофилларнинг очиқ реестри юритилиб, умрбод маъмурий назорат қўлланилади. Бундан ташқари, мажбурий кимёвий кастрация ҳам қўлланилади.
Польшада ҳам шунга ўхшаш тизим мавжуд. Педофиллар махсус рўйхатга олинади ва уларнинг маълумотлари болалар билан ишловчи ташкилотларга етказилади. Жиноятчилар 15–20 йилгача қамоқ жазоси ҳамда айрим ҳолларда кастрацияга ҳукм қилинади.
АҚШда педофилияга қарши кураш энг тизимли шакллардан бири ҳисобланади. Бунда узоқ муддатли ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Баъзи штатларда эса кимёвий кастрация қўлланилади. Жиноятчилар учун махсус очиқ реестр тузилади. Ушбу тизим орқали уларнинг манзили ва фотосуратлари эълон қилинади ва улар болалар муассасига яқин жойларда яшаши ва фаолият юритиши тақиқланади. Педофил жиноятчилардан жамият огоҳлантирилади.
Хитой, Эрон, Саудия Арабистони ва бошқа айрим Осиё ҳамда Яқин Шарқ давлатларида педофилия учун энг оғир жазо – ўлим жазоси қўлланилади. Тўғри, бу ёндашув жиноятни кескин камайтириш мақсадида қўлланилади, аммо халқаро миқёсда бу жазо турининг нечоғлик самарадорлиги ва инсон ҳуқуқларига мувофиқлиги юзасидан турли баҳслар мавжуд.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда болаларга нисбатан жиноятларга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиб бормоқда. Шу жараёнда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2026 йилдан бошлаб педофилия жиноятлари учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш белгиланди. Жазони кучайтиришга туртки бўлган муҳим омиллардан бири жамиятни ларзага келтирган реал воқеалар бўлди. Ушбу ҳолатдан сўнг депутатлар, жумладан, Дилноза Азизова томонидан педофиллар учун умрбод қамоқ жазосини жорий этиш таклифи илгари сурилган.
Илгари амалда бўлган тизимда жазо муддатлари қисқартирилиши, “яхши хулқ” асосида муддатидан олдин озодликка чиқиш ҳолатлари кузатилган. Бу эса жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Ҳатто айрим жиноятчилар такроран жиноят содир этгани ҳам қайд этилган.
2026 йилги Давлат дастурида аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш, айниқса, 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жиноятлар учун энг оғир жазо – умрбод қамоқни жорий этиш белгиланган.
Педофилия каби оғир жиноятлар муҳокама қилинар экан, кўпинча кескин савол пайдо бўлади: нега ўлим жазоси қўлланилмайди?! Айрим давлатларда бу жазо мавжуд бўлса-да, Ўзбекистон танлаган умрбод озодликдан маҳрум қилиш шунчаки тасодифий қарор эмас, балки чуқур ҳуқуқий, инсонпарварлик ва амалий омилларга асосланади.
Ўзбекистонда ўлим жазоси 2008 йилдан бошлаб расмий равишда бекор қилинган. Бу қарор, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган. Қолаверса, ҳар қандай суд тизимида хатолик эҳтимоли мавжуд. Айбсиз инсон қамоққа тушса, кейинчалик оқлаш мумкин. Аммо ўлим жазоси қўлланса, хатони тузатиб бўлмайди. Қолаверса, ўлим жазоси жорий этилса, шахсларга нисбатан шантаж, далилларни сохталаштириш ва гувоҳларни йўқ қилишга уруниш каби ҳолатлар ҳам кескин кучаяди. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ўлим жазоси мавжуд давлатларда ҳам бундай жиноятлар ҳануз учрайди ва бу жазо 100 фоиз тўхтатувчи омил эмас.
Педофилларга нисбатан қўлланиладиган яна бир оғир жазо турларидан бири кастрация, яъни гормонал дорилар орқали жинсий истакни сусайтириш усули. Бу амалиёт айрим давлатларда мавжуд бўлса-да, Ўзбекистонда ҳозирча асосий урғу умрбод қамоқ жазосига қаратилмоқда. Кимёвий кастрация жинсий истакни камайтиради, аммо жиноятга олиб келувчи бошқа омилларни, яъни психологик бузилишлар, зўравонликка мойилликни йўқотмайди. Педофилия эса кўпинча фақат билологик эмас, балки мураккаб психологик бузулишдир. Шу сабабли, фақат гормонал таъсир орқали жиноятнинг тўлиқ олдини олиш кафолатланмайди.
Педофилия нафақат жиноят, балки боланинг бутун ҳаётига таъсир қилувчи чуқур ижтимоий-психологик муаммо ҳисобланади. У боланинг жисмоний саломатлиги, руҳий барқарорлиги ва келажакдаги ҳаёт йўлига жиддий зарар етказади. Айниқса, руҳий травмалар узоқ йиллар давомида сақланиб, шахснинг тўлақонли ривожланишига тўсқинлик қилади. Шу боис, бу муаммога қарши курашишда нафақат қатъий қонунчилик, балки профилактика, болаларни ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш ва жамиятда бу масалага нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда педофилия учун умрбод қамоқ жазосининг жорий этилиши нафақат жиноятчиларни жазолаш, балки жамиятда болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган стратегик қадам ҳисобланади. Энг муҳим қоида шуки, жазони оғирлаштиришдан кўра, жамиятни, айниқса, болаларни ишончли ҳимоя қилиш устувор ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, умрбод қамоқ жазоси келажак авлодни асраш учун танланган энг тўғри чорадир.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА