"Пахта – 2026": масъулиятли мавсум бошланди
Ерга қадалган чигитдан кўзни қувонтирадиган пахта ҳосилини етиштиришгача бўлган иш осон кечмайди. Бу жараён деҳқондан йил давомида меҳнат, сабр ва масъулиятни талаб этади. Айниқса, далалардаги оппоқ хирмонни йиғиб-териб олиш палласида ҳар бир кун, ҳар бир соатнинг қадри янада ортади.
Тошкент вилоятида ҳам ана шундай масъулиятли мавсумга киришилди. Пахтачиликда йил давомида амалга оширилган агротехник тадбирларнинг самарасини намоён этадиган, фермер ва механизаторлар меҳнатига баҳо берадиган терим мавсуми бошланди. Анъанага кўра, янги пахта терими мавсумига эзгу ниятлар билан киришиш мақсадида вилоят фаоллари, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, туман ва шаҳар ҳокимлари, фермер ва кластерлар раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари Зангиота зиёратгоҳида жам бўлди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида табаррук маскан зиёрат қилиниб, ўтганлар руҳи покига Қуръон тиловат қилинди. Жонлиқ сўйилиб, эҳсон дастурхони ёзилди. Қўллар дуога очилиб, пахта далаларидаги меҳнатнинг баракали бўлиши, мўл ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш, юрт дастурхони тўкин, хонадонлар файзли ва мамлакатимиз тинч-осойишта бўлиши тилаб, фотиҳа қилинди.

Жорий йил вилоят пахтакорлари учун ҳам меҳнат ва изланишларга бой бўлди. Далаларда замонавий агротехнологиялардан фойдаланилиб, ғўзани парваришлаш, озиқлантириш, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, сувдан самарали фойдаланиш каби муҳим тадбирлар белгиланган муддатларда амалга оширилди. Хусусан, ҳудуд бўйича 1 минг 110 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан 54 минг гектар майдондан 281 минг тонна пахта ҳосили олиш режалаштирилган.
Жорий мавсумда ҳосилни йиғиб-териб олишда механизация даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун 46 минг гектар майдонда, яъни жами пахта майдонларининг 85 фоизида ҳосилни машинада териб олиш режалаштирилган. Бунинг учун 50 дан ортиқ янги пахта териш машинаси харид қилиниб, вилоятдаги пахта териш техникалари сони 180 тага етказилди. Терим жараёнини самарали бошқариш ва мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишда рақамли технологияларга ҳам кенг ўрин берилмоқда. Жумладан, пахта териш машиналарининг ҳаракати, иш вақти, терилган майдони ва бекор туриб қолиш ҳолатларини онлайн назорат қилиш имконини берувчи GPS тизимидан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.

Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, далаларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни жойида ҳал этиш ва фермер ҳамда кластерларга амалий кўмак кўрсатиш мақсадида вилоятдан ҳар бир туманга масъуллар бириктирилди.
Тадбирда вилоят раҳбари сўзга чиқиб, пахта теримида иштирок этадиган механизаторлар, фермерлар, кластерлар раҳбарлари ва соҳа мутасаддиларига мавсумни тизимли ташкил этиш, техника ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, ҳосилни талафотсиз йиғиб олиш, ёнғин хавфсизлиги ҳамда белгиланган техник талабларга қатъий риоя қилиш юзасидан зарур кўрсатма ва тавсияларни берди.
А.Мусаев,ЎзА