Паррандачиликда кооперация тизими ўз самарасини бермоқда
Президентимизнинг 2021 йил 14 июндаги “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида республика бўйлаб ҳар бир туманда аҳоли хонадонларига товуқ, шунингдек, курка, ўрдак, ғоз ва бошқа оммавий бўлмаган парранда турларини тарқатиш, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олиш бўйича кооперация ишларини ташкил этиш белгиланган.
Мазкур топшириқлар ижросини ҳудудларда таъминлаш бўйича “Паррандасаноат” уюшмаси томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида “Taxiatosh chikkens” МЧЖ томонидан паррандачиликда кооперация тизимида ишлар йўлга қўйилди.
Ҳозирги кунда жамиятда 40 минг бош, шундан 10 минг бошдан ортиқ хонаки парранда парваришланмоқда. Ушбу хўжаликда паррандалар ер шароитида боқилиб, кунига 4-4,5 минг дона инкубацион тухум олинмоқда. Жамият томонидан дастлаб кооперация тизимида ишларни йўлга қўйиш мақсадида 14 та хонадонга 50, 70, 100 бошдан хонаки паррандалар тарқатилди. Ҳозирда эса хонадонлар сони 40 тага етказилди.
– Жамият томонидан келгусида хонадонлардан кунига 2000-3000 донагача инкубацион тухум сотиб олиниши режалаштирилган, – дейди “Паррандасаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аҳмедов. – Шунингдек, тажриба тариқасида қўшни Беруний туманидаги қатор хонадонларга курканинг 400 бошга яқин тез етиладиган наслли зотидан тарқатилди.
“Taxiatosh chikkens” МЧЖ томонидан аҳоли билан ишлаш ҳажмини ошириш мақсадида маҳаллаларда бир марталик қуввати 100, 150 ва 250 бош жўжа очиришга мўлжалланган 50 дан зиёд инкубаторлар жойлаштирилди.
Инкубаторлардан чиқаётган жўжалар жамият томонидан 3000 сўмдан 4000 сўмгача сотиб олиниб, жамиятнинг ўзида 90-100 кун парваришланиб, тухум етиштириш мақсадида аҳолига қайта тарқатиб келинмоқда.
Жорий йил 16 февраль куни Президентимиз раислигида ўтказилган чорвачилик ва ипакчилик соҳасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Тахиатош туманидаги “Taxiatosh chikkens” МЧЖ фаолияти эътироф этилиб, республиканинг ҳар бир ҳудудида аҳоли хонадонларига 100 бошгача хонаки парранда тарқатадиган 2 тадан паррандачилик корхоналарини ташкил этиб, кооперация асосида уй шароитида парранда боқиш ва тухум ишлаб чиқаришни кўпайтириш чорасини кўриш топшириғи берилди.
Ҳозирда барча вилоятларда ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида аҳоли билан кооперация усулида паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни ташкил этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Шаҳрисабз туманидаги “Зотли парранда томорқа хизмати”, Беруний туманидаги “Қўнғирот Қият”, Жондор туманидаги “Аржуман бону чорваси”, Бўка туманидаги “Қишлоқ қурилиш фаровон парранда” ва бошқа кўплар корхоналар шулар жумласидандир.
Жондор туманидаги “Аржуман бону чорваси” фермер хўжалиги ҳудудда бройлер товуқ гўшти етиштириш бўйича кооперация ташкил этган. Асосан гўшт йўналишидаги бройлер жўжалари парвариш қилинадиган ушбу корхонада 150 минг бош жўжа очиш учун мўлжалланган инкубатор мавжуд. Биргина ўтган 2021 йилнинг ўзида инкубация усулида 2 миллиондан зиёд бройлер жўжалари етиштирилган.
Фермер хўжалиги ушбу имкониятлардан фойдаланиб, ҳудудда кооперация ташкил этган. Ҳозирда 150 дан ортиқ аҳоли хонадонларига кооперация усулида бройлер жўжа ва ем тарқатилган. Етиштирилган бройлерлар фермер хўжалиги томонидан хонадонлардан келишилган нархларда қайта сотиб олинмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 16 декабрдаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича томорқа эгаларига қоида тариқасида бошқа йўналишлар каби 100 бош парранда, 5-10 бош курка сотиб олиши учун ҳам имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА