Парламент эшитуви: Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 22 миллиард сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган
Аввал хабар қилинганидек, парламент эшитувида депутатлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотни эшитди.
Коронавирусга қарши курашиш соҳасидаги тиббий илмий-изланишлар натижаси ва олимларнинг фикрига кўра, аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда пандемияни жиловлашнинг энг самарали усули ҳисобланади.
Жорий йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш долзарб аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан 2021 йилда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун 3 триллион сўм бюджет маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.
Тадбирда Давлат бюджетининг 2020 йил 9 ойи ижроси ҳисоботига кўра, ўтказилган давлат молиявий назорат тадбирларида 129,1 миллиард сўмлик ноқонуний харажатлар, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 22 миллиард сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани алоҳида қайд этилди.
Бу каби салбий ҳолатлар доимий кузатилаётганлигидан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш соҳасидаги дастурларни молиялаштириш, жумладан, коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун ажратилаётган бюджет маблағларини қонуний сарфлашни таъминлаш, ноқонуний ўзлаштирилишининг олдини олиш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан таъсирчан чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидланди.
[gallery-1255]
Йиғилишда бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирларини самарали ташкил этиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилаётганлиги, хусусан, аҳолини оммавий эмлаш мақсадида дунёнинг 13 та фармацевтика компанияси ҳамда илмий-тадқиқот маркази билан коронавирусга қарши вакциналарни тезкор етказиб бериш юзасидан музокаралар олиб борилаётганлиги айтиб ўтилди.
Жумладан, амалга оширилган ҳамкорлик натижаларидан келиб чиқиб, Хитойнинг “Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.,Ltd” компанияси коронавирусга қарши вакцинани яратишда Ўзбекистоннинг “ZF 2001” вакцинасини бирга яратган ҳаммуаллиф давлат сифатида белгилангани ҳамда ушбу янги вакцинани “ZF-UZ-VAC 2001” номи билан биргаликда ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш келишилгани маълум қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси GAVI (Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс) ташкилоти COVAX (коронавирусга қарши эмлаш механизми) фондига аъзо давлатлар қаторига киради. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан COVAX фонди ҳисобидан мамлакатимиз аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш бўйича етарли миқдорда вакцина етказиб бериш юзасидан буюртма тайёрланиб, GAVI ташкилотига тақдим этилганлиги қайд этилди.
Н.Насриев, ЎзА