Паркентда янги туризм мажмуаси очилди
Тошкент вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш, ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ички ва ташқи туризм учун замонавий инфратузилма яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу жараёнда тоғли ҳудудларнинг табиий имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда янги дам олиш масканларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Паркент туманида фойдаланишга топширилган замонавий “Silver Valley” оилавий дам олиш мажмуаси ана шундай йирик лойиҳалардан биридир.
Тошкент вилоятининг бетакрор тоғ манзаралари, мусаффо ҳавоси ва сўлим табиати билан машҳур Кумушкон ҳудудида жойлашган мажмуа 29,5 гектар майдонни эгаллайди. Хусусий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилган лойиҳа замонавий меъморий ечимлар, қулайлик ва экологик талаблар уйғунлиги асосида барпо этилган.
Мажмуада меҳмонларни қабул қилиш ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, 120 ўринли 12 та шале, замонавий ресторан, “Yurta” номи остидаги 12 та ресторан-ўтов, сауна ва бассейнлар, миллий услубдаги ўтовлар, спорт ҳамда болалар майдончалари ташкил этилган. Шунингдек, ҳудудда замонавий кўнгилочар инфратузилма объектлари ҳам ўрин олган. Жумладан, зиплайн ва тюбинг аттракционлари, ёзги кинотеатр, фото-зоналар, сайил ва пикник ҳудудлари дам олувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилади.
Айниқса, мажмуада табиат билан уйғун муҳит яратишга катта эътибор қаратилган. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш доирасида 2 минг туп турли дарахт кўчатлари экилди. Ички инфратузилмани яхшилаш мақсадида 3,5 километр ички йўлга асфальт ётқизилди.
Яшил ҳудудларни барқарор равишда суғориш ва сув таъминотини яхшилаш мақсадида 1000 тонна сиғимга эга сув иншооти ҳам барпо этилди. Бу эса мажмуа ҳудудида ободонлаштириш ишларини узлуксиз давом эттириш ва яшил майдонларни кўпайтириш учун муҳим омил бўлади. Лойиҳанинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири — янги иш ўринларининг яратилишидир. Мажмуа тўлиқ қувват билан ишга тушгач, 200 нафардан ортиқ фуқарони иш билан таъминлаш режалаштирилган. Бунда, аввало, маҳалладаги ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлашга устувор аҳамият берилади.
[gallery-30972]
Кумушкон ва Чашма қишлоқларига “туризм қишлоғи” мақоми берилгани ҳам ҳудуднинг сайёҳлик борасидаги улкан имкониятларидан далолат беради. Бу ерда тоғ ландшафтлари, табиий масканлар, миллий қадриятлар ва замонавий хизматларни ўзаро уйғунлаштириш орқали янги туристик йўналишларни шакллантириш учун кенг имкониятлар мавжуд.
Эндиликда тоғ бағрида қад ростлаган мазкур замонавий маскан Тошкент вилояти аҳолиси, пойтахт меҳмонлари, юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрувчи сайёҳлар ҳамда хорижий меҳмонлар учун мазмунли ҳордиқ чиқариш, табиат қўйнида вақт ўтказиш ва ҳудуднинг бетакрор гўзаллигидан баҳраманд бўлиш имконини беради.
Бундай лойиҳаларнинг кўпайиши Паркент туманининг туристик жозибадорлигини ошириш баробарида, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий аҳоли даромадларини кўпайтириш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат),
ЎзА мухбирлари