Паркент туманининг туризм салоҳияти юксалади
Анъана ва инновациялар бирлашган жой, Марказий Осиё марказида ўзининг маданий мероси ва хилма-хил табиий ландшафтлари билан машҳур бўлган Ўзбекистон ўзини янги ролда синаб кўриш – эко-, этно-, агро- ва гастротуризм ишқибозларини жалб қилувчи марказга айланишга тайёрланмоқда.
Жумладан, Тошкент вилояти Паркент туманида амалга оширилаётган MSA Resort лойиҳаси ҳудуднинг туризм салоҳиятини яққол намоён этишга қаратилган. Лойиҳа туризмни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади ва меҳмонларни маҳаллий аҳолининг бой анъаналари билан таништиришга хизмат қилади. Истиқболли лойиҳа барқарор ривожланиш ва маданий алмашинув даражасининг ортишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мажмуанинг қурилиши 2024 йилда бошланиб 2025 йилда якунланиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 350 яқин иш ўрни яратилади. Бу ўз навбатида минтақанинг иқтисодий ривожига ижобий таъсир кўрсатади.
Тошкентда бўлиб ўтган MSA Resort лойиҳаси тақдимотида шу ва бошқа кўплаб масалалар хусусида сўз юритилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда MSA Family Winery компанияси раҳбари Санжар Мираҳмедов давлатимиз раҳбари томонидан туризм соҳасига қаратилаётган эътибор туфайли бугунги кунда туризмнинг ҳар хил турлари фаол ривожланаётганини таъкидлади.
Мажмуа қишлоқ хўжалиги, гастро-, этно- ва агротуризм, шунингдек, юқори қўшимча қийматга эга бўлган узум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини замонавий ишлаб чиқариш каби бир қатор йўналишларни ривожлантиришга қаратилган. Бундан ташқари, узумчилик соҳасини янада ривожлантириш доирасида маҳаллий фермерлар билан кооперацияни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу гўзал жой ўзбек маданияти, ноёб табиий манзаралари ва замонавий инфратузилма уйғунлашган марказга айланиши кутилмоқда.
MSA Resort лойиҳаси бир вақтнинг ўзида 1000 ва ундан ортиқ кишини сиғдира оладиган oммавий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган кўп функцияли майдонлар, жумладан, open-air дам олиш ва кўнгилочар зоналари, этник услубда безатилган ўтовлар, меҳмонхона, ресторан, экокафе ва контактли ҳайвонот боғини ўз ичига олади. Мажмуага ташриф буюрувчилар Марказий Осиёда узумчилик ва виночилик тарихи билан танишишлари ҳамда тарихий-маданий меросга бағишланган марказни томоша қилишлари мумкин.
Лойиҳа ҳар йили 20 минг сайёҳни жалб этишга қаратилган. Бу мажмуани минтақадаги энг кўп ташриф буюриладиган курорт масканларидан бирига айлантиради. Маълумотларга кўра, импорт ўрнини босишдан иқтисодий фойда йилига тахминан 1 миллион долларни ташкил этади, бу эса асосан MSA Family Winery вино заводи фаолияти билан боғлиқ бўлади. Чунки у Европа стандартларига мос равишда маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Халқаро танловларда кўплаб мукофотларга сазовор бўлган вино заводи 2022 йилдан буён Франциянинг Бордо шаҳридаги вино музейида ўзбек виносини тақдим этиб келмоқда.
MSA Resort мажмуаси нафақат муҳим туризм объектига айланади, балки, ўзида дид, табиий гўзаллик ва маданий алмашув симфониясини мужассам этиб, Ўзбекистоннинг бой меросини ҳис этиш ва ўрганишдек ноёб имкониятини тақдим этади. Масканнинг эко-, этно-, агро- ва гастротуризм учун имкониятлари катта аҳамият касб этади. Чунки, у нафақат маҳаллий аҳолига, балки халқаро ҳамжамият учун янги уфқларни очади.
MSA Resort маданий алоқалар марказига айланади ва Ўзбекистонга жаҳон туризм харитасидаги ўз ўрнини мустаҳкамлаш, шу билан бирга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга ҳисса қўшади. Бу нафақат туризм соҳасини ривожлантиришнинг янги босқичи, балки мамлакат маданий мероси ва табиий бойликларини асраб-авайлаш ҳамда янада кўпайтириш учун катта рағбатдир.
Алпомиш Машрабхонов, ЎзА