Пара велоспортчиларимиздан уч медаль!
Японияда ўтаётган Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси вакиллари муваффақиятли иштирок этиб, шоҳсупанинг юқори поғоналаридан жой олмоқда.
V Параосиё ўйинларининг 21 октябрь кунги дастуридан ўрин олган пара велоспорт бўйича аёллар ўртасида T1–2 классидаги вақт пойгасида ҳамюртларимиз Маржона Пардабоева ва Одина Ҳамдамова рақибларига муносиб қаршилик кўрсатиб, мусобақанинг олтин ва кумуш медалларини қўлга киритди.
Маржона Пардабоева 25 дақиқа 58,04 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Одина Ҳамдамова эса 31 дақиқа 36,76 сониялик натижа билан иккинчи ўринни эгаллаб, делегациямиз ҳисобига яна бир медални қўшди. Мазкур йўналишда бронза медали Таиланд вакилига насиб этди.
Эркаклар ўртасидаги T1–2 классидаги вақт пойгасида ҳам Жаҳонгир Халилов муносиб натижа қайд этди. У 20 дақиқа 56,10 сонияда маррага етиб келиб, бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, пара велоспортчиларимизнинг муваффақияти Ўзбекистон делегацияси жамғармасига яна медаллар шодасини тақдим этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА