Парҳез таом мўл бўлади
Наманган вилоятида 200 балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Ўтган йили улар томонидан 2 минг 733 тоннадан зиёд балиқ етиштирилди.
Наманган вилоятида 200 балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Ўтган йили улар томонидан 2 минг 733 тоннадан зиёд балиқ етиштирилди.Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, хусусан, асаларичилик, чорвачилик ва балиқчилик каби қўшимча тармоқларни ташкил этишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.
Жорий йилда Наманган вилоятида 4 минг 150 тонна балиқ етиштириш, маҳсулдорликни ўтган йилга нисбатан бир ярим баробар ошириш режалаштирилган. Бунинг учун махсус чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, 53 янги балиқчилик хўжалиги ташкил этилади. Айни пайтда уларга 342 гектар ер майдони ажратилиб, сунъий ҳавзаларга 850 минг донадан ортиқ балиқ чавоғи ташлаш бўйича иш олиб борилмоқда. Умумий қиймати 5 миллиард 200 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳалар ижроси доирасида 235 янги иш ўрни яратилади.
Наманган вилоятида балиқчиликни ривожлантириш, балиқчиликка ихтисослашган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, тармоқда маҳсулдорликни ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган семинарда шулар ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки, Ўзбекистон балиқчиликни ривожлантириш илмий-тадқиқот маркази ва бошқа мутасадди идоралар, балиқчилик хўжаликлари, уларга хизмат кўрсатувчи корхона-ташкилотлар, банк муассасалари раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, гўшт, сут, тухум, балиқ, асал каби маҳсулотларни етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Бу йил ўзаро шартнома асосида ҳамкорларимиз ва янги ташкил этилган хўжаликларни 4 миллион дона чавоқ билан таъминлашни мақсад қилганмиз, – дейди “Наманганбалиқ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Р.Тиллақўзиев. – Бунинг учун имкониятларимиз етарли. Йилига 38 миллион дона балиқ личинкаси тайёрлаш қувватига эга замонавий инкубаторга эгамиз.
Семинарда балиқчилик хўжаликларини чавоқлар, омихта ем билан таъминлашни янада яхшилаш, уларга кўрсатиладиган хизматлар самарадорлигини ошириш, балиқни қайта ишлаш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Жорий йилда вилоятдаги балиқчилик хўжаликларига 4 минг 100 тонна омихта ем етказиб берилади. 130 гектардан зиёд сунъий ҳавзаларни чуқурлаштириш, 60 километрга яқин дренаж ва коллекторни тозалаш ишлари амалга оширилади. Балиқчилик хўжаликларини ривожлантиришга 11 миллиард 600 миллион сўм йўналтирилади.
Тадбирда балиқчилик хўжаликлари вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.