Ўзмиллийбанк байроғи Казбекни забт этди
Инсоннинг иродаси, жасорати ва чидамлилигини синовдан ўтказадиган спорт турлари орасида алпинизм алоҳида ўрин тутади. Юксак чўққиларни забт этиш нафақат жисмоний тайёргарлик, балки пухта тажриба, матонат ва қатъиятни ҳам талаб қилади. Ана шу фазилатларни ўзида мужассам этган инсонлар ҳар бир кўтарилишни янги марра ва навбатдаги ютуқ сифатида қабул қилади.
Қувонарлиси, “Ўзмиллийбанк” АЖ жамоасида ҳам алпинизмга қизиқиши орқали юксак чўққиларни забт этиб келаётган ҳамкасбларимиз бор.
2026 йил 6 август куни Банкнинг Ғазначилик департаменти ходими Андрей Тарантин “Mysterious Uzbekistan” гуруҳи таркибида Грузиянинг энг машҳур чўққиларидан бири — денгиз сатҳидан 5054 метр баландликда жойлашган Казбек тоғи чўққисига муваффақиятли кўтарилди. У сафар давомида “Ўзмиллийбанк” байроғини чўққига олиб чиқиб, уни ўрнатишга муваффақ бўлди.

Андрей Тарантин 2021 йилдан буён тоғ треккинги билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Шу вақт мобайнида у Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги 3000 метрдан ортиқ баландликдаги тоғ чўққиларига кўтарилиш тажрибасини орттирган.
Шунингдек, 2023 йил май ойида мазкур гуруҳ билан Европанинг энг баланд нуқтаси ҳисобланган Россиядаги Эльбрус тоғининг 5642 метрлик чўққисини, 2024 йил май ойида Австралия ва Океаниянинг энг баланд вулқони — Папуа–Янги Гвинеяда жойлашган Гилуве чўққисини (4368 метр), 2025 йил июнь ойида эса Арарат тоғининг 5137 метрлик чўққисини ҳам муваффақиятли забт этган.
Грузиянинг миллий рамзларидан бири ҳисобланган Казбек тоғи дунёдаги машҳур алпинистик йўналишлардан бири саналади. Баландлиги 5054 метр бўлган ушбу тоғнинг 3800 метрдан юқори қисми доимий музликлар билан қопланган. Казбек чўққисига биринчи марта 1868 йилда инглиз сайёҳи Дуглас Фрешфилд раҳбарлигидаги экспедиция муваффақиятли кўтарилган. Бугунги кунда эса ушбу чўққи дунёнинг турли мамлакатларидан келадиган алпинистлар учун энг нуфузли йўналишлардан бири ҳисобланади.

Маълумот учун, “Ўзмиллийбанк” АЖ мамлакатимизда спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган ташаббусларни доимий равишда қўллаб-қувватлаб келмоқда. Банк жамоаси вакиллари турли спорт мусобақалари ва оммавий тадбирларда фаол иштирок этиб, муносиб натижаларга эришмоқда.
Андрей Тарантиннинг Казбек чўққисини забт этгани нафақат унинг шахсий ютуғи, балки банк жамоасининг ҳам навбатдаги фахрли натижаларидан бири бўлди. Бундай муваффақиятлар ходимларимизнинг ўз устида ишлаш, юксак мақсадлар сари интилиш ва ҳар қандай синовларни матонат билан енгиб ўтишга бўлган интилишини яна бир бор намоён этади.
Банк Матбуот хизмати