“Ўзмиллийбанк” АЖ инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида Хитой Эксимбанкидан 700 млн юань жалб қилди
2026 йил 25 июнь куни Пекин шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ («Ўзмиллийбанк» АЖ) ва Хитой Экспорт-импорт банки (Хитой Эксимбанки) ўртасида 700 млн. юань (100 млн. АҚШ долл. эквиваленти) миқдоридаги молиялаштиришни жалб қилиш тўғрисида келишув имзоланди.
Келишувнинг имзоланиши икки банк ўртасидаги узоқ муддатли молиявий ҳамкорликнинг янги босқичини акс эттирган бўлиб мамлакатдаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий корхоналарни модернизация қилиш ва Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган.
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан Хитой Эксимбанкининг стратегик ҳамкор сифатида танланиши ўзаро ишонч, юксак ишбилармонлик нуфузи ҳамда қўшма лойиҳаларни самарали амалга оширишга асосланган йигирма йилдан ортиқ давом этган муваффақиятли ҳамкорлик натижасидир. Ушбу давр мобайнида “Ўзмиллийбанк” АЖ Хитойнинг етакчи давлат молия институтларининг Ўзбекистондаги асосий молиявий ҳамкори бўлиб келмоқда. Ҳамкорлик муносабатларининг изчил ривожланиши туфайли банк ҳар йили мамлакат иқтисодиётининг узоқ муддатли хорижий молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Ўзаро ҳамкорлик доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖ ва Хитой Эксимбанки томонидан иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида, жумладан саноат, энергетика, транспорт инфратузилмаси ва телекоммуникация соҳаларида 27дан ортиқ йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилган. Бундан ташқари, банк кўмагида кичик ва ўрта бизнеснинг 170 дан ортиқ лойиҳалари молиялаштирилди, бу эса янги ишлаб чиқариш қувватлари, иш ўринлари яратиш ва маҳаллий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилди.
Кўп йиллик самарали ҳамкорликнинг бой тажрибаси янги қарз битимини имзолаш учун мустаҳкам замин яратди. Ушбу битим “Ўзмиллийбанк” АЖ ва Хитой Эксимбанки ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янги сифат босқичига олиб чиқиб, Хитойнинг етакчи давлат молия институтларидан бири томонидан банкка билдирилаётган юксак ишончнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Жалб қилинган молиялаштириш “Ўзмиллийбанк” АЖ нинг халқаро ресурс базасини янада диверсификация қилиш ва хитой юанидаги операцияларни кенгайтириш стратегиясининг муҳим элементига айланади. Маблағлар Хитойдан замонавий асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилишни молиялаштиришга, банк мижозларининг инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдони ривожлантиришга йўналтирилади. Битимнинг амалга оширилиши маҳаллий корхоналарга хитой валютасида узоқ муддатли молиявий ресурсларни жалб қилиш имконини беради, бу эса валюта хатарларини камайтиради ва хитойлик ҳамкорлар билан ҳисоб-китоблар самарадорлигини оширади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Ўзбекистон банк тизимида юань билан молиялаштириш бўйича етакчи банк сифатидаги мавқеини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. Бугунги кунда банк томонидан хитой валютасида жалб қилинган кредит линияларининг умумий ҳажми
11,5 млрд юандан (1,7 млрд АҚШ доллари эквиваленти) ошади. Ҳозирги вақтда банкнинг хитой юанида шакллантирилган кредит портфели ҳажми деярли 1,2 млрд АҚШ долларини ёки умумий кредит портфелининг 13 фоизини ташкил этади, бу маҳаллий бизнес вакиллари томонидан Хитой миллий валютасида молиялаштириш ва ҳисоб-китобларга бўлган талабнинг барқарор ўсиб бораётганини акс эттиради.
Битимнинг имзоланиши Ўзбекистон-Хитой савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигининг жадал ривожланиши фонида бўлиб ўтди. 2025 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 34 фоизга ўсиб, 17 млрд АҚШ долларидан ошди. Жорий йилнинг бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 6 млрд АҚШ долларидан ошди, ўзлаштирилган Хитой тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 8 млрд доллардан зиёдни ташкил этди, Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони эса 6 мингтага яқинлашди. Бу кўрсаткичлар икки давлат ўртасидаги стратегик иқтисодий шериклик мустаҳкамланиб бораётганини тасдиқлайди.
Халқаро молия институтларининг юқори ишончи “Ўзмиллийбанк” АЖнинг барқарор молиявий натижаларига асосланади. 2025 йил якунларига кўра, Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (ХМҲС) асосида тайёрланган консолидациялашган молиявий ҳисоботга мувофиқ, банк активлари 12,4 млрд АҚШ долларидан ошди, кредит портфели 9 млрд АҚШ долларига етди, жами капитал эса 1,8 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Асосий молиявий кўрсаткичларнинг барчаси бўйича “Ўзмиллийбанк” АЖ Ўзбекистон Республикаси банк тизимида етакчи ўринларни сақлаб келмоқда.
Юқори молиявий натижалар банк бизнес-моделининг барқарорлигини, корпоратив бошқарув тизимининг самарадорлигини ва “Ўзмиллийбанк” АЖнинг энг йирик халқаро молия институтларидан узоқ муддатли молиялаштиришни жалб қилиш қобилиятини тасдиқлайди. “Ўзмиллийбанк” АЖ мамлакатнинг энг йирик ва иқтисодиёт учун стратегик аҳамиятга эга банки сифатидаги етакчи мақомини сақлаб келмоқда ҳамда Марказий Осиё минтақасининг энг ишончли ва барқарор молия институтлари қаторидан муносиб ўрин эгалламоқда.
Халқаро молиявий ҳамжамиятнинг юқори даражадаги ишончининг қўшимча тасдиғи “Ўзмиллийбанк” АЖнинг халқаро кредит рейтинглари Ўзбекистон Республикасининг суверен рейтинги даражасида сақланиб қолаётганидир. Fitch Ratings ва S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентликлари банк рейтингларини «ижобий» истиқбол билан «BB» даражасида тасдиқлайди, бу активларнинг юқори сифати, барқарор капиталлашув, ликвидликнинг етарли даражаси ва консерватив таваккалчиликларни бошқариш тизимини акс эттиради.
Имзоланган битим, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2026 йилга мўлжалланган Давлат инвестиция дастурини амалга оширишга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-49-сонли қарорига мувофиқ, “Ўзмиллийбанк” АЖ олдига ташқи манбалардан умумий қиймати 1,5 млрд АҚШ доллари миқдоридаги кредит линияларини жалб қилиш вазифаси қўйилган.
Хитой Эксимбанки билан янги битимнинг имзоланиши халқаро молия институтларининг “Ўзмиллийбанк” АЖга бўлган юқори ишончининг, унинг Ўзбекистон молия бозоридаги етакчи мавқеи ва мамлакатнинг устувор лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий капитални самарали жалб қилиш қобилиятининг навбатдаги тасдиғи бўлди. Банк бундан буён ҳам жаҳоннинг етакчи молия институтлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестицион ўсишни барқарор молиялаштириш ва Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий тараққиётига доир стратегик вазифаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолиятни жадал равишда давом эттиради.
Маълумот учун:
Хитой экспорт-импорт банки 1994 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг ташқи иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватлашга ихтисослашган Хитойнинг учта сиёсий банкларидан бири ҳисобланади. Банк халқаро лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирок этади ва Хитойнинг хорижий ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи «Бир макон, бир йўл» ташаббусини амалга оширишда муҳим рол ўйнайди. 2025 йил якунларига кўра, банкнинг умумий активлари 897 млрд долларни, ўз капитали – 58 млрд долларни, соф фойдаси эса 528 млн долларни ташкил этди.