Ўзбошимчалик билан қурилган уйлар қонунийлашмоқда: 18 мингдан ортиқ хонадон ҳуқуқий мақомга эга бўлди (+видео)
Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни қонунийлаштириш бўйича ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараён Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонуни ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Хусусан, Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси томонидан бир қатор муҳим ишлар бажарилди. Уй-жойларга ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнлари рақамлаштирилди. Бунинг учун “Хатлов” ва “Эътироф” ахборот тизимлари яратилди ва 23 та давлат ташкилотига интеграция қилинди. Маҳаллалар кесимида хатлов ишларини ташкил этиш бўйича режа-график маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тасдиқланди. Ушбу жараёнга 4,5 минг кадастр муҳандислари жалб этилди.
Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси томонидан Тошкент вилоятига ташкил этилган пресс-турда бу борада амалга оширилган ишлар билан батафсил танишдик.
– Ҳозирга қадар 4 минг 335 та маҳалла чегараларига аниқлик киритилди. 845 минг 96 та объект хатловдан ўтказилди, шундан 254 минг 865 та объект ваколатли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда, – дейди Кадастр агентлиги бош мутахассиси Бекзод Отабеков. – 18 минг 682 та объект бўйича халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари билан ҳуқуқлар эътироф этилди. Бугунги кунда беш босқичли тизим йўлга қўйилган. Биринчи босқичда маҳалла чегараларини аниқлаш, кўчмас мулкларни хатловдан ўтказиш, маълумотларни “UZKAD” тизимига ўтказиш, объектларни тизимда фаоллаштириш, ҳуқуқларни “Эътироф” тизими орқали расмийлаштириш жараёнлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, илгари амалга оширилган жараёнлар билан солиштирганда, янги тизим хатоларни камайтириши ва ҳуқуқий аниқликни таъминлаши билан ажралиб туради. Қайд этиш жоизки, 18 мингдан ортиқ хонадоннинг ҳуқуқлари эътироф этилган бўлса-да, уларнинг фақат 1 минг 478 нафари мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза топширган. Бу эса жараён ҳали тўлиқ якунланмаганини англатади. “Эътироф” ахборот тизими орқали объектлар идоравий муҳокамага чиқарилмоқда. 254 минг объект муҳокамага юборилган, 39 мингдан ортиғи жамоатчилик муҳокамасига чиқди. 35 минг 363 та объект бўйича ижобий хулоса берилди, 22 минг 425 таси учун тўловлар амалга оширилди, 18 минг 682 таси бўйича маҳаллий Кенгашлар қарор чиқарди.
Шу ўринда қайд этиш муҳимки, 2025 йил 4 ноябрь ҳолатига ҳуқуқлари эътироф этилган 18 минг 682 мингдан ортиқ кўчмас мулк эгаларининг 1 минг 478 нафаригина мулкларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза топширган. Бу эса қонуннинг амалга оширилиш жараёни тўлиқ якунига етмади деганидир.
Мазкур тизим нафақат кўчмас мулкларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш, балки юртдошларимизга барқарор яшаш, тадбиркорлик қилиш, кредит олиш имкониятларини яратади. Жараён давом этмоқда ва барча вилоят, туман, шаҳарлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади.
Пресс-тур давомида “Эътироф” ахборот тизими орқали жараёнлар шаффофлиги борасида ҳам маълумот бериб ўтилди.
[gallery-26125]
Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда 2024-2025 йиллар учун режа-жадвал тасдиқланган.
Режа-жадвал билан Кадастр агентлигининг kadastr.uz расмий сайти орқали танишиш мумкин. Сайтга кирган фойдаланувчи “Батафсил” тугмаси орқали зарур бўлимга ўтади ва учта оддий қадамни амалга оширади. Ҳудуд танланади. Туман ёки шаҳар танланиб, қидирув тугмаси босилади. Шундан сўнг танланган ҳудуддаги маҳаллалар рўйхати чиқади. Агар сизнинг маҳаллангиз рўйхатда бўлмаса, бу хавотирли ҳолат эмас – сизнинг ҳудудингиз кейинги босқичда, яъни 2025 йилдан кейин қамраб олинади. 2026 йилга мўлжалланган янги жадвал эса 2025 йил якунига қадар эълон қилинади.
Кадастр агентлигининг “Геоинфоком” давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқилган “Эътироф” ахборот тизими орқали ўзбошимчалик билан қурилган бинолар ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар электрон тарзда эътироф этилади. Тегишли давлат ташкилотлари маълумот ва ҳужжатларни ўз тизимларидан “Эътироф”га электрон тарзда узатади. “Эътироф” тизимидаги маълумотлар барча фуқаролар учун очиқ. Хатловдан ўтказилган маҳаллалар, объектлар ҳамда давлат органлари хулосалари онлайн кўрилади. Фуқаро агар берилган хулосадан норози бўлса, бир ой ичида электрон тарзда эътироз билдириш ҳуқуқига эга.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/21_yMbyCYUI" title="18 mingdan ortiq xonadon huquqiy maqomga ega bo`ldi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА