Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер аниқланди
Ер — халқ бойлиги. Ундан оқилона ва самарали фойдаланиш нафақат иқтисодий тараққиёт, балки келажак авлодлар манфаатини таъминлашнинг ҳам муҳим шартидир. Шу боис юртимизда ер ресурсларини асраш, улардан қонуний ва самарали фойдаланиш, ер муносабатларида қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ер муносабатларини тартибга солиш, ердан фойдаланишда адолат ва қонунийликни таъминлаш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни асраб-авайлаш ҳамда улардан юқори самара билан фойдаланишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ердан фойдаланиш тартиб-қоидалари қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилганига қарамай, айрим ҳолатларда ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари ҳануз учраб турибди.
Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан ер майдонларидан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва ноқонуний эгаллаб олинишининг олдини олиш мақсадида мунтазам назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
— Вилоят ҳудудида ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси Ер ва кадастр назорати шўъбаси бош мутахассиси Абдукарим Тойиров. — Шунга қарамай, ерлардан ноқонуний фойдаланиш ва уларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари учраётгани, албатта, ачинарли.
Бошқарманинг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 1 999 та ҳолатда 52,99 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган.
Таҳлиллар эса муаммонинг кўлами ва унинг турли соҳаларга дахлдор эканини кўрсатмоқда. Хусусан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 52,99 гектар ернинг 18,8 гектари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, 31,5 гектари аҳоли пунктлари ерлари, 1,3 гектари саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва тарихий-маданий аҳамиятга молик объектлар ерлари ҳиссасига тўғри келади. Қолган ер майдонлари эса табиатни муҳофаза қилиш, сув фонди ва захира ерларига тегишли.
Бу рақамлар ер масаласи фақат кадастр ёки қурилиш соҳасига дахлдор эмаслигини кўрсатади. Зеро, бир гектар ернинг ноқонуний эгалланиши ҳам қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, шаҳарсозлик, экология ва ҳудудларни режалаштириш каби муҳим йўналишларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, назорат тадбирларининг мақсади фақат қоидабузарликни аниқлаш ва жазолаш эмас, балки фуқароларга ердан қонуний фойдаланиш тартибини тушунтириш, мавжуд муаммони ҳуқуқий йўл билан бартараф этишдан иборат. Бу борада тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳам ўз самарасини бермоқда. Кадастр назорати инспекторларининг фуқаролар билан бевосита мулоқоти натижасида 24,7 гектар ер майдонидаги 1 133 та ҳолат фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди ва ер майдонлари ўз ҳолатига қайтарилди.
Қонун талабларига риоя этилмаган ҳолатларда эса таъсир чоралари кучайтирилмоқда. Жумладан, ўтган даврда 11,8 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилишларни мажбурий тартибда бартараф этиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга 353 та даъво аризаси киритилди. Шундан 297 таси қаноатлантирилган, қолган ишлар бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.
Мутахассислар фуқароларни ер муносабатларига оид қонунчилик талабларига жиддий ёндашишга чақирмоқда. Айниқса, айрим ҳолатларда учраётган “бўш ерга қурилиш қилиб олсам, кейин ҳуқуқим эътироф этилади” деган нотўғри қараш қонунчиликка зид.
— Фуқароларимиздан Ўзбекистон Республикасининг 937-сонли Қонуни талабларини нотўғри талқин қилмасликларини сўраймиз. Айрим фуқароларимиз “қурилиш мавжуд бўлса, ҳуқуқ эътироф этилар экан” деган тушунча билан бўш ер майдонларига иморат қурмоқда. Таъкидлаш жоизки, бундай ҳолатларга мазкур қонун талаблари татбиқ этилмайди. Бу қонуннинг ўзида ҳам аниқ белгилаб қўйилган, — дейди Абдукарим Тойиров.
Дарҳақиқат, ерга нисбатан ҳуқуқ фақат уни эгаллаб олиш ёки унда бино қуриш билан юзага келмайди. Ердан фойдаланишнинг қонуний асоси, белгиланган тартиб-таомилларга риоя қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш каби талаблар мавжуд.
Шу маънода, Бухоро вилоятида олиб борилаётган назорат ва профилактика тадбирлари ерни талон-тарож қилишнинг олдини олиш, қонунийликни таъминлаш билан бир қаторда, жамиятда ерга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири