Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги кўтарилди
Нуфузли "Moody’s Ratings" халқаро агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини "Ba3" даражасидан "Ba2" даражасига кўтарди ва рейтинг прогнозини "барқарор" деб белгилади.
Агентликнинг баҳолашича, рейтингнинг оширилиши мамлакатдаги институционал ва бошқарув сифатининг изчил яхшиланиши, шунингдек, иқтисодий ва фискал кўрсаткичларнинг мустаҳкамланиши билан бевосита боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, "Барқарор" прогноз Moody’s агентлигининг Ўзбекистон кредит профилига таъсир этувчи хатарлар "Ba2" даражасида мувозанатланган, деган баҳосини акс эттиради.
Мазкур қарор глобал молия бозорларидаги ноаниқлик шароитида ҳам мамлакатда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг, макроиқтисодий барқарорлик ва инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолат беради. Бу халқаро инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончи мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА