Ўзбекистоннинг истиқболли ёш кадрлари Кореянинг инновацион бошқарув тажрибасини ўрганмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI) ҳамкорлигида истиқболли ёш бошқарув кадрлари учун “Келажак лидерлари” қайта тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастури амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида энг фаол 15 нафар тингловчи Корея Республикасида халқаро стажировка ўтамоқда. Икки ҳафталик хорижий стажировка давомида тингловчилар Кореянинг илғор университетларида бўлади.
Амалиётчи мутахассислардан давлат бошқарувида сунъий интеллект технологияларини қўллаш, самарали бошқарув тизимларини шакллантириш, стратегик ва молиявий ресурсларни режалаштириш, натижадорлик ва аҳоли фаровонлигини ошириш каби долзарб мавзуларда билимини оширади.
Машғулотларда замонавий давлат бошқаруви ёндашувлари, инновацион фикрлаш ва рақамли трансформация тамойилларига алоҳида урғу берилади.

Дастур Сеул, Сежонг, Гоянг, Буео, Асан ва Ансан шаҳарларини қамраб олган.
Кореянинг "smart city" бошқаруви, рақамли технологиялар, ишлаб чиқариш инновациялари ва замонавий транспорт тизимлари фаолияти бевосита ўрганилади.
Кореянинг етакчи IT ва сунъий интеллект компаниялари, “Фаол маъмурий бошқарув” бўйича илғор тажриба институти, Гоянг шаҳридаги “Hyundai” автомобиль студияси, Сежонг шаҳри Ақлли бошқарув маркази, Ақлли ишлаб чиқариш инновациялари маркази ҳамда Корея Электроника технологиялари институтларида бўлиб, илғор технологиялар ва инновацион экотизим билан яқиндан танишиш режалаштирилган.

Мазкур малака ошириш жараёни иштирокчиларга Кореянинг давлат бошқаруви соҳасидаги муваффақиятли моделларини Ўзбекистон шароитига татбиқ қилиш бўйича кореялик мутахассислар билан бевосита маслаҳатлашиш имконини беради.
Дастур якунида тингловчилар фаолият соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳа ишини тайёрлайди ва ҳимоя қилади.
22 майгача давом этадиган лойиҳа Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг молиявий кўмагида ташкил этилган.
Н.Абдураимова, ЎзА