Ўзбекистонлик пара спортчилар Осиё чемпионатида совринли ўринларни қўлга киритди
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида пара шахмат бўйича ўтаётган 4-Осиё чемпионатининг рапид йўналишида кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар ўртасида Ўзбекистон кўзи ожизлар спорт федерацияси аъзолари бир қатор фахрли ўринларни эгаллади.
Ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасида ўтаётган чемпионатнинг аёллар ўртасидаги баҳсларида Сабоҳат Икромалиева ўз йўналишида 1-ўринни, Райҳона Шарофова 2-ўринни, Аббосхон Аҳмадхонов 3-ўринни, 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги мусобақаларда Зуҳра Олимжонова 1-ўринни қўлга киритди.

4-Осиё чемпионатининг 9 та турдан иборат блиц мусобақаларида ўзбекистонлик 10 нафар тафаккури кенг ирода соҳиблари қатнашаётган бўлса, ҳамюртларимиздан Уралбек Нормўминов ва Баҳодир Ғойибназарав 3,5 очкор билан 5-6-ўринларни банд этиб турибди.
Бугун, 3 ноябрь куни қитъа чемпионатининг навбатдаги 6-тур ўйинларида ҳамюртларимиз Уралбек Нормўминов ва Баҳодир Ғойибназарав ўзаро куч синашади.
Чемпионат 8 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА