Ўзбекистонга Беларусдан илк "Славянский караван" поезди етиб келди
2026 йил 5 август куни “Тошкент минтақавий темир йўл узели” филиалининг Чуқурсой станциясида Беларус Республикасидан етиб келган “Славянский караван” номли маршрут юк поездини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Темирйўлинфратузилма” АЖ ва “Тошкент МТУ” филиали раҳбарияти, Беларус Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ушбу янги транспорт йўналишининг йўлга қўйилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко ўртасида эришилган келишувлар ҳамда олий даражадаги музокараларнинг амалий натижасидир. Икки давлат раҳбарлари томонидан белгиланган стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш вазифалари замонавий логистика инфратузилмаси орқали ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Лойиҳа пойдевори жорий йилнинг 11–14 июль кунлари Беларуснинг Витебск вилоятида ўтказилган икки томонлама учрашувда қўйилган бўлиб, унда темир йўл орқали қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги юкларни ташиш масалалари атрофича муҳокама қилинган эди.
2026 йил 30 июль куни Беларуснинг “Орша-Восточная” станциясидан йўлга чиққан 3034-сонли ушбу поезд жами 51 та вагондан иборат. У 3 822 километр масофани босиб ўтиб, Чуқурсой станциясига етиб келди.
Тадбир давомида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Беларус темир йўл маъмурияти билан ҳамкорликни изчил ривожлантириш, халқаро транспорт йўналишларини такомиллаштириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш борасидаги ишларни изчил давом эттириши таъкидланди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА