Ўзбекистонда ҚҚС тўловчилари сони 269 мингдан ошди
Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчилари сони изчил ўсишда давом этмоқда. 2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, махсус рўйхатдан ўтган ҚҚС тўловчилари сони 269 минг 94 тага етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,5 фоизга кўп бўлиб, мамлакатда тадбиркорлик муҳитининг ривожланаётгани ва солиқ маъмуриятчилигида рақамли ечимлар самарадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда махсус рўйхатдан ўтган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчилари сони 269 минг 94 тани ташкил этди.
Солиқ органлари маълумотларига кўра, мазкур кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 18,5 фоизга ошган. Бу эса мамлакатда тадбиркорлик субъектлари фаолияти кенгайиб бораётгани, иқтисодиётнинг рақамлашуви ҳамда солиқ маъмуриятчилигининг такомиллашаётганидан далолат беради.
Махсус рўйхатдан ўтган ҚҚС тўловчиларининг асосий қисми қуйидаги соҳалар ҳиссасига тўғри келади. Савдо соҳаси — 100,1 минг нафар, қишлоқ хўжалиги — 50,1 минг нафар, хизмат кўрсатиш соҳаси — 42,9 минг нафарни ташкил этади.
Қайд этилишича, ҚҚС тўловчилари сонининг ортиши расмий иқтисодиёт улушини кенгайтириш, солиқ тушумларини барқарор ошириш ҳамда рақамли солиқ бошқаруви тизимлари самарадорлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА