Ўзбекистонда квант технологияларига бағишланган халқаро ёзги мактаб ўтказилди
Ўзбекистонда замонавий квант технологияларини метрология соҳасига жорий этиш, мутахассисларнинг илмий-амалий салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида “Quantum Technologies in Measurements” мавзусида халқаро ёзги мактаб — Summer School ташкил этилди.
Тадбирда АҚШ Савдо департаменти ҳузуридаги Миллий стандартлар ва технологиялар институти (NIST) Квант ўлчашлар бўлими бошлиғи ўринбосари Dr. Albert Rigosi, Чехия Миллий метрология институти (CMI) Узунлик квант бўлими метрологи Dr. Petr Kren, шунингдек, қатор хорижий давлатларнинг метрология институтлари вакиллари иштирок этди.
Халқаро ёзги мактабда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон миллий метрология институти ва унинг ҳудудий филиаллари мутахассислари, олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари, шунингдек, саноат корхоналари мутахассислари қатнашди.
Ёзги мактаб дастуридан квант метрологиясининг замонавий ва истиқболли йўналишларига бағишланган маърузалар, амалий тақдимотлар ҳамда халқаро экспертлар иштирокидаги муҳокамалар ўрин олди.
Тадбир давомида квант технологияларининг замонавий ўлчашлар тизимидаги аҳамияти, юқори аниқликдаги эталонларни яратиш ва уларни амалиётга жорий этиш истиқболлари, шунингдек, илмий-тадқиқотлар ва метрологик инфратузилмани халқаро талаблар асосида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро ёзги мактаб Ўзбекистонда Квант метрология марказини ташкил этиш, унинг илмий-техник концепциясини ишлаб чиқиш ва мазкур йўналишдаги стратегик вазифаларни белгилаш бўйича хорижий экспертлар билан фикр алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Шунингдек, метрология соҳаси мутахассисларининг замонавий квант технологиялари бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, хорижий илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва соҳада илмий салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.
Таъкидланишича, халқаро ёзги мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–25-сон Фармонида белгиланган метрология соҳаси мутахассисларининг билим ва кўникмаларини халқаро талаблар асосида ошириш вазифаларини амалга ошириш доирасида ташкил этилган.
Мазкур тадбир мамлакатда замонавий метрология инфратузилмасини ривожлантириш, квант метрологияси бўйича миллий илмий салоҳиятни кучайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА