Ўзбекистонда кўп қаватли уйларнинг 37 фоизи марказлашган иссиқлик тизимига уланган
Ўзбекистонда коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш ҳамда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, кўп қаватли уй-жойларни марказлашган иссиқлик билан таъминлаш тизимини янгилаш бугун нафақат ижтимоий, балки иқтисодий ва экологик жиҳатдан ҳам долзарб вазифа сифатида қаралмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатда коммунал хизматлар сифати ва барқарорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар доирасида иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш, эски инфратузилмани янгилаш ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

“Иссиқликтаъминоти” АЖ маълумотларига кўра, бугунги кунда республика бўйича 1 миллион 608 мингдан ортиқ хонадон ёки 45 минг 663 та кўп қаватли уй мавжуд. Шулардан 761 мингдан зиёд хонадон, яъни 16 минг 610 та кўп қаватли уй марказлашган иссиқлик таъминоти тизимига уланган. Бу умумий кўрсаткичнинг 37 фоизини ташкил этади.
Шунингдек, мамлакат бўйича 2 минг 543 та ижтимоий соҳа объекти — мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, шифохоналар ва бошқа ташкилотлар ҳам марказлашган иссиқлик билан таъминланмоқда.

Бу рақамлар тармоқ муайян даражада ривожланаётганини кўрсатса-да, қамров ҳали етарли эмаслигини ҳам англатади. Айниқса, айрим ҳудудларда кўп қаватли уйларнинг автоном иситиш тизимларига ўтиб кетгани энергия ресурслари сарфининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Ҳозирги кунда ҳудудий иссиқлик таъминоти корхоналари тасарруфида 560 та қозонхона ҳамда 4 089,4 километр иссиқлик тармоғи мавжуд. Улардан 525 таси ва 3 710 километр иссиқлик тармоғи амалда фойдаланилмоқда.
Тармоқлардаги асосий муаммолардан бири қувур ва ускуналарнинг катта қисми маънан ва жисмонан эскирганидир. Натижада иссиқлик энергиясининг маълум қисми истеъмолчига етиб бормасдан йўқотилмоқда. Бу эса тизим самарадорлигининг пасайиши, эксплуатация харажатларининг ортиши ва хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Айрим ҳудудларда қиш мавсумида иссиқлик босимининг етарли эмаслиги ёки таъминотда узилишлар кузатилаётгани ҳам аҳоли мурожаатларида тез-тез тилга олинади. Таҳлилларга кўра, бундай ҳолатлар асосан эски қувурлар, энергия тежамкор ускуналарнинг етишмаслиги ҳамда тармоқларнинг узоқ йиллар давомида капитал таъмирланмагани билан боғлиқ.

Сўнгги йилларда соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва энергия тежамкорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, иссиқлик таъминоти тизимини босқичма-босқич реконструкция қилиш, эски иссиқлик тармоқларини алмаштириш, когенерация технологияларини жорий этиш, рақамли ҳисоб-китоб тизимларини кенгайтириш, хусусий инвесторларни жалб қилиш каби вазифалар белгилаб берилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, когенерация технологиялари орқали бир вақтнинг ўзида ҳам электр, ҳам иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Бу эса ёқилғи сарфини қисқартириш ва тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, тизим ташкилотлари томонидан 1 миллион 380,7 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилган. Шундан, аҳолига — 1 миллион 102,6 минг Гкал, юридик истеъмолчиларга — 278,1 минг Гкал иссиқлик энергияси етказиб берилган.

Бу рақамлар мамлакатда, айниқса қиш ойларида иссиқликка бўлган эҳтиёж юқори эканини кўрсатади. Шу боис тармоқ барқарорлигини таъминлаш, энергия йўқотишларини қисқартириш ва хизмат сифатини ошириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА