Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлиги қандай таъминланмоқда?
Ўзбекистонда БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида “Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Адлия вазирининг ўринбосари Mузраф Икромов, Финляндия ташқи ишлар вазирлиги вакили Катя Ҳирвонен, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари Бекзод Наримонов, вазирлик ва идоралар масъуллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда лойиҳа бенефициарлари лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилди.

Лойиҳа доирасида бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар амалга оширилди.
Хусусан, кейинги йилларда 2 миллиондан ортиқ фуқарога бепул юридик ёрдам кўрсатилди. Ушбу йўналишда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Лойиҳа доирасида семинар, тренинг ва давра суҳбатлари, халқаро конференциялар ташкил этилиб, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Кичик грантлар дастури доирасида аёллар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш бўйича муайян ютуқларга эришилди. Мазкур йўналишдаги ютуқ ва мавжуд муаммолар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА