Ўзбекистонда бозор хизматлари ҳажми ортиб бормоқда
Ўзбекистонда хизматлар соҳасидаги ўсиш суръатлари юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 1 квадриллион сўмдан ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, 2026 йил январь–сентябрь ойларида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 1 003,2 триллион сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ҳисобда 16,7 фоизга кўп.
Хизматлар таркибида энг катта улуш савдо соҳаси ҳиссасига тўғри келиб, ушбу йўналишда 235,3 триллион сўмлик хизмат кўрсатилган. Яшаш ва овқатланиш хизматлари 179,7 триллион сўм, молиявий хизматлар эса 498163,8 триллион сўмни ташкил этган.
Шунингдек, транспорт хизматлари ҳажми 162,8 триллион сўмга, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 77,6 триллион сўмга етган.
Реал ўсиш суръатлари бўйича эса энг юқори натижа меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлил хизматлари соҳасида қайд этилган — 24,2 фоиз. Молиявий хизматлар 22 фоизга, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 21,4 фоизга, таълим хизматлари эса 19,6 фоизга ўсган.
Юқоридаги рақамлардан куриш мумкинки хизматлар бозорида савдо, молия ва транспорт йўналишлари асосий улушни эгалламоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА